Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жомбойда ноқонуний қурилган уй бузилади — уйсиз қолаётган оилага ернинг янги эгаси уй қуриб бермоқчи
Kun.uz таҳририятига Самарқанд вилояти, Жомбой тумани, «Ширинкент» маҳалласида яшовчи Моҳира Умаровадан мурожаат келиб тушди.
«Уй-жойга эҳтиёжимиз борлиги туфайли маҳалламиздаги ташландиқ жойни тозалаб, турар жой қуришга мажбур бўлдик. 2008 йилдан буён ушбу уйда яшаб келмоқдамиз. Айни вақтда турмуш ўртоғим билан 4 нафар фарзандни вояга етказмоқдамиз. Неча йиллардан буён ушбу уй-жойимизга ноқонуний қурилганлик важи билан тегишли ҳужжатларни расмийлаштиролмаймиз. Мутасадди ташкилотларга бу борадаги мурожаатларимиз ижобий ечим топмади. 2018 йил 20 апрелда Президентимизнинг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги Фармони қабул қилинганини эшитиб, туман раҳбариятига, тегишли ташкилотларга яшаётган уй-жойимизга мулк ҳуқуқини беришни сўраб мурожаат қилдик. Аммо мурожаатларимиз рад этилди. Уйимиз қурилган ер майдони аукционда бир тадбиркорга сотилибди. Энди уйимизни бузишмоқчи. Тўрт нафар вояга етмаган фарзандимиз билан уйсиз қолмоқдамиз. Шу масалада бизга ёрдам беришингизни сўраймиз», – дейилади мурожаатда.

Ушбу мурожаат жойида ўрганилди. Ўрганиш жараёнида Жомбой тумани ҳокимининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳ.Ўсарова, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Ж.Каримов ҳам иштирок этди.
Маълум бўлишича, ушбу ҳолат туман ҳокимияти даъвоси билан судда кўриб чиқилган ва 2012 йилда ноқонуний қурилишни бузиш юзасидан ҳал қилув қарори чиққан. Моҳира Умарованинг турмуш ўртоғи Шерали Умаров бу жой 2001 йилда ўша вақтдаги Усмон Носир ширкат хўжалиги умумий йиғилиши қарори билан берилганлиги ҳақида ҳужжат тақдим қилган. Аммо судда бу ҳужжат ҳақиқий эмас ва ҳеч қандай қонуний кучга эга эмас, деб топилган.

«Суд қарори мавжуд бўлса-да, фуқаронинг қаршилиги билан шу вақтга қадар ноқонуний қурилган уй бузилмади. Президентнинг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги Фармонидан кейин уй-жойга мулк ҳуқуқини беришни талаб қилишмоқда. Аммо Фармон талабларига тўғри келмайди ва буни амалга оширишнинг имкони йўқ. Бу ҳудудда саноат зонаси ташкил этиш кўзда тутилган ва ер аукционга қўйилиб, тадбиркорга сотилган. Уйнинг бузилиши юзасидан 2012 йилдаёқ суд қарори чиққан. Айни вақтда уй бузилмаганлиги учун тадбиркор ҳам бу ерда фаолиятини бошлолмаяпти», — дейди туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Ж.Каримов.
Аниқланишича, мазкур фармондан кейин шу йилнинг ўзида яна 5 фуқаро шу ҳудудда эгалик ҳуқуқини олиш мақсадида ноқонуний қурилиш бошлашган. Туман ҳокимлиги ва бошқа мутасаддиларнинг бир неча бор огоҳлантиришларига қарамай, ўзбошимчалик билан қурилиш ишлари давом эттирилган.
Ушбу янги ноқонуний қурилишларга нисбатан туман ҳокимлиги фуқаролик ишлари бўйича Жомбой тумани судига 2018 йил 3 октябрда даъво аризаси киритган.

2018 йилнинг 26 октябрь куни ушбу ноқонуний қурилишларни бузиш ҳақида суд қарори чиққан.

Моҳира Умарова ноқонуний қурилиш деб топилган уйда 2008 йилдан буён яшаб келаётганлиги, вояга етмаган 4 нафар фарзанди билан уйсиз қолаётганлигини айтиб, ёрдам сўради. Жомбой тумани ҳокимининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳ.Ўсарова бу борада унга белгиланган тартибда ҳокимлик томонидан кўмак берилишини билдирди.
Ушбу ҳолат юзасидан ноқонуний қурилиш жойлашган ерни шу йил аукционда сотиб олган тадбиркорнинг вакили Шавкат Боронов билан суҳбатлашдик.
«Тўғриси, бировни норози қилиб тадбиркорлик қилиш ниятимиз йўқ. Бу оиланинг бошпанасиз қолаётганини ҳам тушуниб турибмиз. Уй тадбиркорлик фаолиятимизга мўлжалланган ер майдони ўртасида қурилган. Бу уйни буздирмасдан, уй атрофида тадбиркорлик қилолмаймиз-ку?! Шунинг учун таклифим – бошқа жойдан қонуний тартибда уй қурсин. Барча қурилиш ишларига ўзимиз кўмак берамиз. Янги уй битиб, яшаш учун тайёр ҳолатга келмагунча, шу уйда яшаб туришига ҳам розимиз. Бу оила ҳеч нарса йўқотмайди, зарар кўрмайди. Барчасига ўзимиз ёрдам қиламиз».
Ҳокимлик мутасаддилари ҳам бу борада унга кўмак беришга тайёр эканлигини билдиришди. Тўрт нафар вояга етмаган фарзандни тарбиялаётган Шерали Умаров ва Моҳира Умаровалар ҳам бу таклифга рози бўлишди ва тадбиркордан бунинг учун бутун умр миннатдор бўлишларини айтишди.
Бир оила муаммоси шу тариқа ижобий ечим топди. Аммо фуқаролар ҳам ноқонуний қурилишни қилиб, унга бирор ечим сўраши тўғри эмас. Айни вақтда бу ҳолат билан боғлиқ муаммолар республикамизнинг барча жойларида кўплаб учраётгани ҳам бор гап. Барча иш қонун доирасида амалга оширилса, шу каби муаммолар келиб чиқмайди. Буни ҳамма тўғри англаб етмоғи лозим.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
08:25 / 06.06.2026
Тошкентда уйни икки марта сотган ака-укага жиноят иши қўзғатилди
22:34 / 05.06.2026
Қурилганига 50 йилдан ошган уйларни қайта режалаштириш тақиқланди
19:31 / 04.06.2026
2018 йилдан кейин қурилган ноқонуний уйларнинг тақдири нима бўлади?
09:46 / 26.05.2026