Ўзбекистон | 10:36 / 25.12.2018
13952
2 дақиқада ўқилади

Судлар фаолиятига салбий таъсир қилаётган ҳолат маълум қилинди

Фото: parliament.gov.uz

2018 йил 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда комиссиянинг 2018 йилда амалга оширган ишлари сарҳисоб қилинди.

Йиғилишда вилоят миқёсидаги маъмурий судларнинг аксарияти жиноят ишлари бўйича судлар биноларида, туманлараро иқтисодий судлар эса, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлар биноларида жойлаштирилгани судларнинг фаолиятига салбий таъсир қилаётганига эътибор қаратилди. Мазкур бинолар аксарият ҳолда суднинг рисоладагидек иш фаолиятини таъминлаш бўйича талабларга жавоб бермаслиги қайд этилди.

Комиссия йиғилишида президентнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Вазирлар Маҳкамаси, Молия вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига бу борада бир қатор вазифалар юклатилгани, бироқ ҳанузгача судларнинг бинолар, моддий-техник таъминоти борасида қатор вазифалар тўлақонли ҳал этилмагани алоҳида таъкидланди.

Мажлисда ушбу масалаларни истиқболда тезроқ ҳал этиш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, судларнинг амалда мустақиллигини таъминлаш ҳамда улар фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Шу нуқтаи назардан, комиссия томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасига судларнинг бинолар, моддий-техник таъминоти борасида сусткашликка йўл қўяётган айрим вилоятлар ҳокимларига парламент сўровини тайёрлаш ҳамда ушбу масалани парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритиш тавсия этилди.

Мавзуга оид