Ўзбекистон | 09:42
784
2 дақиқада ўқилади

Суд аппаратида комплаенс назорат тизими жорий этилиши мумкин

Президент Шавкат Мирзиёев Судялар олий кенгаши раисининг йиллик ахбороти билан танишар экан, суд аппарати ходимлари ўртасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида комплаенс назорат тизимини жорий этиш ташаббуси илгари сурилди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, “Судялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, кенгаш раиси одил судловга тўсқинлик қилаётган омиллар ва суд тизимида коррупцияга қарши кураш ҳолати тўғрисида президентга йил якунлари бўйича ахборот тақдим этади.

Маълум қилинишича, мамлакатда коррупцияга қарши курашиш бўйича жорий йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қилинган шароитда судлар давлат ҳокимиятининг алоҳида бўғини сифатида намуна бўлиши лозим. Шу боис, суд тизимида шаффофликни ошириш ва манфаатлар тўқнашувини бартараф этишга қаратилган қатор ташаббуслар муҳокама қилинди.

Жумладан:

  • суд аппарати ходимлари ўртасида коррупция хавфларини аниқлаш ва бартараф этиш учун комплаенс назорат тизимини жорий этиш;
  • судя ва уларнинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилиш тартибини йўлга қўйиш;
  • суд аппарати ходимларини ишга қабул қилишнинг очиқ ва шаффоф тартибини яратиш;
  • судяларга нисбатан интизомий жазо қўллашнинг холис механизмини шакллантириш мақсадида Судялар интизомий ҳайъатини ташкил этиш каби таклифлар илгари сурилди.

Шунингдек, судяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш, уларни ўзига хос бўлмаган вазифалардан озод этиш мақсадида “суд маъмурчилиги” институтини жорий этиш бўйича илғор хорижий тажриба ўрганилиши маълум қилинди.

Якунда президент суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши тизимли курашиш ва одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш бўйича ишларни изчил давом эттириш юзасидан тавсиялар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид