Спорт | 20:30 / 26.12.2018
86065
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик 16 ёшли шахматчи амалдаги жаҳон чемпионини мағлуб этди

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилаётган шахматнинг блиц ва рапид йўналишлари бўйича жаҳон чемпионатида сенсация юз берди. Рапид йўналишидаги баҳсларнинг иккинчи раундида ўзбекистонлик 16 ёшли шахматчи Шамсиддин Воҳидов норвегиялик гроссмейтер, амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен устидан ғалабага эришди.

Турнирга биринчи рақам остида сараланган Карлсен турнирга 188-рақамда сараланган ёш рақиби билан баҳсда 22-юришда қўпол хатога йўл қўйди.

У бу вазиятда фигураларидан бирини беришга мажбур эди ва у фарзинини қурбон қилди. Шамсиддин эса ўз устунлигидан унумли фойдаланди ва рақибни 36-юришда таслим бўлишга мажбур қилди.

Бу амалдаги чемпионнинг кетма-кет иккинчи мағлубияти бўлди. Биринчи раундда у украиналик Адам Тухаевга ютқазиб қўйган, Шамсиддин Воҳидов эса россиялик Станислав Новиков билан дуранг қайд этганди. Унинг кейинги раунддаги рақиби россиялик Алексей Дреев бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Шамсиддин Воҳидов шу йилнинг 24 ноябрь - 3 декабрь кунлари Туркиянинг Конья шаҳрида ўтказилган 16 ёшгача ўсмирлар ўртасида Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида жамоадошлари Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдоров ва Ситора Сапарова билан биргаликда биринчи ўринни эгаллаганди.

Бу натижа эвазига ёш шахматчилар Ўзбекистон ҳукумати томонидан «Спарк» автомобиллари билан тақдирланди.

Мавзуга оид