Трамп рафиқаси билан Ироққа ташриф буюрди
АҚШ президенти Дональд Трамп рафиқаси Мелания билан Рождествога ўтар кечаси Ироқдаги америкалик ҳарбийлар олдига эълон қилинмаган сафарни амалга оширди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс маълум қилди.
Трамп хавфсизлик нуқтаи назаридан Ироққа тўлиқ қорайтирилган самолётда учган ва унинг ташрифи ҳақида олдиндан эълон қилинмаган. Самолёт Айн ал-Асад ҳарбий базасига қўнган.
“Президент Трамп ва биринчи хоним Рождество муносабати билан қўшинларимиз ва олий ҳарбий раҳбариятни йўқлаш ва уларга хизматлари учун миннатдорлик билдириш, Рождествони яхши ўтказиб олишни тилаш мақсадида Ироққа жўнашди”, деб ёзган Сандерс твиттерда.
Хабарга президент ва биринчи хонимнинг ҳарбийлар қуршовидаги суратлари илова қилинган.
Аввалроқ баъзи ОАВ Трамп президентлигининг илк икки йили давомида АҚШ қўшинлари бўлган бирорта қайноқ нуқтага бормаганини қайд қилиб ўтишганди.
Трамп Ироққа учиш хавотирли бўлганини тан олди.
“Мен шахсан ўзим учун эмас, президентлик институти учун, биринчи хоним учун қайғурдим. Биз ойналари тўлиқ ёпилган, умуман ёруғлик бўлмаган қорайтирилган самолётда нималардан ўтганимизни кўрганингизда эди. Тим қоронғи. Мен турли ўлчам ва моделдаги самолётларда учганман. Менда хавотир бўлдими? Ҳа, хавотир бўлди”, деб айтган Трамп.
Трампнинг Ироқ бош вазири Одил Абдулмаҳдий билан расмий учрашувини ташкиллаштиришдаги келишмовчиликлар сабабли учрашув бекор қилинди.
Натижада Трамп ва Абдулмаҳдий телефон орқали мулоқот билан кифояланишган. Улар суҳбат чоғида минтақадаги вазиятни ривожлантириш ҳамда ИШИДга қарши биргаликдаги ҳаракатларни муҳокама қилишган.
Трамп Ироқ бош вазирига Вашингтонга, Абдулмадҳий эса ўз навбатида АҚШ президентига Бағдодга ташриф буюришни таклиф қилган.
Кун сўнгида Трамп базани тарк этган.
Мавзуга оид
09:20 / 31.10.2024
Ироқ ўз ҳаво ҳудуди Исроил томонидан бузилгани юзасидан БМТга шикоят қилди
12:10 / 28.10.2024
Туркия ҲҲК Ироқ шимолидаги 34 та объектни йўқ қилди
11:00 / 23.10.2024
Ироқ: Ғазо ва Ливандаги уруш бошқа минтақаларда янги можароларга олиб келиши мумкин
23:04 / 02.10.2024