Жамият | 14:17 / 28.12.2018
51893
3 дақиқада ўқилади

Бухорода қуйма олтин ишлаб чиқарувчи яширин цехлар фош этилди

Бухорода таркибида тилла кукуни бўлган қумдан тилла заррачаларини ажратиб олиб, уни қуйма олтин ҳолатига келтиришга ихтисослашган яширин цехлар фаолият юритаётгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бухоро вилоят бошқармаси матбуот хизмати маълум қилган.

Turon24'нинг ёзишича, «Навоий тоғ-кон металлургия» комбинати таркибида тилла кукуни бўлган катта миқдордаги қум уюмини Зарафшон чўл тизмасининг белгиланган ҳудудида тўплаб боради. Бу қумлар тоғи келажакда таркибидан тилла ажратиб олиш ва яна қайта ишлов беришга мўлжалланган.

Хабарда таъкидланишича, Шофиркон туманидаги Назаробод, Қайроғоч, Боғишамол ва Паттахон МФЙда яшовчи 30 нафардан ортиқ фуқаро шундай қумларни айланма йўллар орқали ташиган. Улар узоқ вақтдан буён қум таркибидан тилла заррачаларини ажратиб олиб, уни қуйма олтин ҳолатига келтиришга мўлжалланган яширин цехлардан фойдаланишган. Бундан ташқари, қуйма тиллани харид қилиш ҳамда буюртмачиларга етказиб бериш билан ҳам шуғулланиб келишган.
Бухоро вилоят ИИБ, прокуратура бошқармаси, давлат солиқ инспекцияси, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда Шофиркон туманида 235 та манзилда текширувлар олиб борилган ва 20 та жиноий ҳолатга ойдинлик киритилган.  

Шофиркон туманидаги Назаробод маҳалласида яшовчи фуқаро Т. Қ. хонадонида 4 тонна қум, 125 кг селитра маҳсулоти ва 5 литрли банкада кислота кимёвий қоришмаси борлиги аниқлангани айтилмоқда. Бундан ташқари, ушбу маҳсулотларни қайта ишлаб чиқариш учун қўлбола усулда ясалган асбоб-ускуналар ҳам мавжуд бўлган. 

Қайроғоч маҳалласидан Н. Ҳ.нинг хонадонида эса таркибида тилла кукуни бўлган 2,5 тонна қум уюми мавжуд бўлган. Текширувлар давомида фуқаро Р. У. ўз уйи ертўласида 7та 200 литрлик ҳажмдаги ва 2та 20 литрлик ҳажмдаги пластмасса бочкаларда кислота кимёвий қоришмасини сақлаб келган. Паттахон қишлоғилик Л. А. эса ўз яширин цехида тахминан 1 тонна ҳажмдаги қум ва шу ишга ихтисослаштирилган қўлбола ускуналардан фойдаланиб келгани маълум бўлди.

Натижада 30 нафардан ортиқ шофирконликларнинг узоқ йиллардан буён шундай ноқонуний йўллар билан бойлик орттириб келишаётгани фош этилган. 

Аниқланган барча жиҳозлар тегишли тартибда ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Аниқланган ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 165-моддаси бўйича 30 нафар фуқарога нисбатан қонунда белгиланган жазо чоралари қўлланилган.

Мавзуга оид