“Ижтимоий роликлар” танлови ғолиблари тақдирланди
Мамлакатимиз ёшлари ҳаётини акс эттирувчи, уларни муваффақиятлар сари ундовчи таъсирчан ижтимоий роликлар муаллифларининг истеъдодларини намойиш этишига кўмаклашиш, уларни муносиб рағбатлантириш ва кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда “Ёшлар медиа маркази” ННТ томонидан “Ижтимоий роликлар” танлови ўтказилди. Инновацион ғоя ва ақлий салоҳиятни ошириш, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандликка кўмаклашиш ҳамда соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни тарғиб қилиш, жиноятчилик, гиёҳвандлик ва бошқа салбий иллатларга қарши курашиш, “Бу – менинг Ўзбекистоним” каби 5 та йўналишда олиб борилган беллашувга жами 135 та видеоролик тақдим этилди.
Хусусан, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандликка кўмаклашиш йўналишида 10 та, “Бу – менинг Ўзбекистоним”йўналишида 20 та, инновацион ғоя ва ақлий салоҳиятни оширишга оид 30 та, жиноятчилик, гиёҳвандлик ва бошқа салбий иллатларга қарши курашиш бўйича 35 та, соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни тарғиб қилиш йўналишига эса 40 та видеоролик Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг тегишли бўлим мудирлари ҳамда масъул мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан мезонлар асосида холис баҳоланди.
29 декабрь куни “Ёшлар ижод саройи”да “Ижтимоий роликлар” танловининг ҳар бир йўналиш бўйича ғолибларига мукофотлар топширилди. Жумладан, “Бу – менинг Ўзбекистоним” йўналишида Анвар Нодиров“Кўпкари” номли видеоролиги билан фахрли биринчи ўринни эгаллаб, 5 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланган бўлса, мазкур йўналишда иккинчи ўрин Беҳзод Абдураҳмоновга насиб этди. У ўзининг “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи” мавзусидаги ижод маҳсули учун 3 миллион сўм пул мукофотга эга бўлди. Учинчи ўринга Сардор Шавкатов “Welcome to Uzbekistan” видеоролиги билан лойиқ топилди ҳамда 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. Мазкур йўналишда Дониёр Шокировнинг“Менинг юртим– менинг фахрим”, Жамшид Хожиакбаровнинг “Хива”, “Madaniyat va Maʼrifat” телеканалининг “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати” номли видеороликлари рағбатлантирувчи мукофотларга сазовор бўлиб, 1 миллион сўмлик пул мукофотига эга бўлди.
Жиноятчилик, гиёҳвандлик ва бошқа салбий иллатларга қарши курашиш йўналишида биринчи ўринга Иззат Мансуровнинг “Гиёҳвандликка йўқ денг!” видеоролиги, иккинчи ўринга Жамшид Хожиакбаровнинг “Жиноятчилик – умр заволи”, учинчи ўринга Дилмурод Аминовнинг “Коррупция – келажакни йўқ қилади” мавзусидаги ижтимоий ролиги лойиқ топилди. Мазкур йўналишда рағбатлантирувчи ўринлар Дилшод Гиясовнинг “Фарзандлар тақдирига бефарқ бўлманг”, Чарос Садинованинг “Гиёҳванднинг қизи”, Нодир Шавкатовнинг “Ўзни енга олиш, хатоларни тўғрилаб олишдир!” мавзуларидаги видеороликларга насиб этди ва ғолиблар 1 миллион сўмлик пул мукофотларини қўлга киритди.
Инновацион ғоя ва ақлий салоҳиятни оширишга қаратилган ижтимоий роликлар орасида Бахтиёр Фаттоховнинг “Китоб ўқинг” видеоролиги фахрли биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, иккинчи ўрин Наврўз Хушвақтовнинг “Болага китоб беринг” ижтимоий ролигига насиб этди. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Маhalla” телеканали “Китоб олами” видеоролиги учинчи ўринга муносиб кўрилди. Мазкур йўналишда рағбатлантирувчи мукофот Нурмуҳаммад Жумагуловнинг “Телевизор бўлгим келади” номли ижодий ишига насиб этди.
Соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни тарғиб қилишга қаратилган ижтимоий роликлар орасидан биринчи ўрин Жамшид Раҳимжоновнинг “Соғлом турмуш тарзи” видеоролигига, иккинчи ўрин Сирожиддин Воҳидовнинг “Спорт – тинчлик ва дўстлик элчиси”, учинчи ўрин Нодирбек Муқумовнинг “Ёш чемпионлар” видеролигига насиб этди. Андрей Куликовнинг “Спорт”, Сардор Отажоновнинг “I love sport”, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “SPORT” телеканалининг “Ёшлар келажак бунёдкори”, Саъдуллахон Лутфулла ҳожи ўғлининг “Бир жамоа” роликлари рағбатлантирувчи мукофотларга лойиқ топилди. Ва ниҳоят сўнгги йўналиш Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандликка кўмаклашиш йўналишида Равшан Нурмуҳамедов “Мен тадбиркорман”видеоролиги билан биринчи ўринга, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Yoshlar” телерадиоканали “Келажак бунёдкорлари” видеоролиги билан иккинчи ўринга, журналист Дилшод Файз “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандликка кўмаклашиш” видеоролиги билан учинчи ўринга лойиқ топилди ҳамда пул мукофотларини қабул қилиб олишди.
— Китобхонлик ва мутолаа завқи ҳақида гап кетганда, аввало “Ёшлар китоб ўқимай қўйди”, деган фикр қулоққа чалинади, – дейди танлов ғолибларидан бири “Mening yurtim” телеканали монтаж режиссёри Наврўз Хушвақтов. — Аммо, бунга сабаб китоб ўқимаётган ёшларнинг ота-оналари уларга тўғри ибрат бўла олмаётганида. "Хўш, ота-оналар китоб ўқияптими?"- деган савол ўртага ташланмайди. Шу боис ушбу ижтимоий ролигимда айнан мазкур ғояни илгари сурдим. Ота-оналар болаларга аввало китоб олиб беришини, фарзандлар маънавиятини мутолаа орқали бойитиб боришини тарғиб қилдим.
Шаҳноза Нуруллаева
Мавзуга оид
16:01 / 05.11.2024
Зулфия номидаги давлат мукофоти талабгорларини танлаш тартиби белгиланди
19:41 / 30.10.2024
Тошкентга тўртта кириш дарвозаси қурилади
09:08 / 27.06.2024
"Ҳар бир фуқаро учун – бир дарахт" кўрик-танлови ташкил этилади
16:02 / 17.05.2024