18:00 / 01.01.2019
29539
Реклама

Сирдарё аҳолиси учун янги йилда янги қулайлик - замонавий савдо ва кўнгилочар маркази фойдаланишга топширилди

2018 йилнинг 30 декабрь куни Сирдарё вилояти Сайҳунобод туманида «Sayhun Planet» савдо кўнгилочар маркази ҳамда «Sayhun» замонавий истироҳат боғининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

Маросимда Сирдарё вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев иштирок этиб, туман аҳолисини савдо кўнгилочар маркази ва истироҳат боғи очилиши билан табриклади ҳамда иккала марказ фаолиятини очиқ деб эълон қилди. Тадбирда меҳмонлар учун турли чегирма ва янги йил акциялари ташкил этилди.

Мазкур марказлар фаолиятини йўлга қўйиш ташаббуси илк бор Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилнинг 13 апрель куни Сирдарё вилоятига қилган ташрифи давомида билдирилган эди. Унга кўра, республика президенти томонидан «Асакабанк»  АТБга ташаббускор тадбиркорларни жалб қилган ҳолда Сайҳунобод туманида барча қулайликларга эга савдо комплекси ва истироҳат боғи барпо этиш, шу орқали аҳолининг сифатли савдо хизматларидан фойдаланиши ҳамда бўш вақтларида маданий ҳордиқ чиқаришларини ташкил этиш топшириғи берилди.

Қисқа фурсатда «Begzod Sher qurilish servis» МЧЖ республика «Асакабанк» молиявий кўмагида замонавий савдо кўнгилочар маркази ҳамда истироҳат боғини қуриб битказди. Мазкур қурилиш лойиҳасининг умумий қиймати 27 миллиард сўмни ташкил этади. Иккала марказнинг қуриб фойдаланишга топширилиши билан 200га яқин маҳаллий аҳоли вакиллари учун янги иш ўрни ташкил этилди. 

«Sayhun Planet» замонавий савдо кўнгилочар маркази икки қаватдан иборат. Марказнинг биринчи қаватида харидорлар сифатли озиқ овқат, гўшт ва сут маҳсулотларини харид қилиши, шунингдек, маиший хизматлардан фойдаланишлари мумкин. Марказнинг иккинчи қаватида эса қандолат ва нон маҳсулотлари савдоси ташкил этилган. Туман аҳолиси ва меҳмонлари мароқли ҳордиқ чиқаришлари ҳамда дам олишлари учун замонавий кинотеатр ҳам ёддан чиқмаган. Бундан ташқари бу ерда кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланишлари мумкин.

«Sayhun» истироҳат боғи Сайҳунобод тумани марказида, «Sayhun Planet» савдо кўнгилочар маркази ёнгинасида барпо этилган. Мазкур истироҳат боғига кираверишда ва ҳудудида фавворалар қурилгани ёзнинг жазирама кунларида асқатади. 

Замонавий аттракционлар, хушманзара дарахтлар, ўриндиқлар, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчалари аҳолининг мазмунли дам олиши учун шарт-шароит тақдим этилган. Айтиш мумкинки, қисқа фурсат ичида қуриб фойдаланишга топширилган савдо-кўнгилочар маркази ҳамда замонавий истироҳат боғи туман аҳолиси учун янги йилга ўзига хос совға бўлди. Тантанали очилиш маросими байрам ва мусиқали томошаларга айланиб кетди. 

Top