Жаҳон | 17:17 / 02.01.2019
5604
2 дақиқада ўқилади

Германияда ҳайдовчи янги йил кечаси мигрантларга бир неча бор ҳужум қилди. Саккиз киши жароҳат олди

Фото: DPA

Германия шимоли-ғарбидаги Ботроп ва Эссен шаҳарларида янги йил кечаси камида саккиз киши жароҳат олди. NTV портали хабарига кўра, тун ярмида Эссен шаҳридан бўлган 50 ёшли шахс ўз автомобилида ўткинчиларнинг бир неча гуруҳига бориб урилган. Ҳаммаси бўлиб у тўртта ҳужумни амалга оширди, икки ҳолатда одамлар қочиш ва яширинишга улгурди, қолган иккитасида - йўқ.

Жароҳат олганлар - Афғонистон ва Суриядан бўлган муҳожирлар, шунингдек, асли келиб чиқиши туркиялик бўлган Германия фуқароси. Улар орасида - тўрт нафар вояга етмаган бола. Бир аёл оғир жароҳат олган.

Жиноятчи ўша тундаёқ қўлга олинди. Der Spiegel маълумотларига кўра, унинг ҳаракатлари сабаби - ксенофобия. Биринчи сўроқ пайтида у чет элликларнинг кўплиги Германия учун муаммо, деб ҳисоблашини тан олган. Бундан ташқари, нашр маълумотларига қараганда, эркакда руҳий бузилишлар мавжуд; камида бир марта у махсус клиникада даволанган. У Германия махсус хизматлари базасида экстремист сифатида қайд этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил апрель ойида Мюнстер шаҳридан бўлган Йенс Александр Рютер эски шаҳардаги рестораннинг кўча қисмида ўтирганлар устига машина ҳайдаб борди. Уч киши ҳалок бўлди, йигирма киши жароҳат олди. Рютер ўз жонига қасд қилди. Полиция ўшанда жиноят сиёсий сабабларга кўра юз берганига доир версияни рад этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид