Ўзбекистон | 22:24 / 03.01.2019
24955
3 дақиқада ўқилади

Банкомат ва инфокиосклар сонини камида 10 мингтага ошириш ҳамда жисмоний шахсларга нақд валютани сотиш кўзда тутилмоқда

«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури лойиҳасига асосан, банк-молия тизимини ривожлантириш ва валюта бозорини янада эркинлаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Ҳужжатда:

давлат маблағлари ҳисобидан имтиёзли банк кредитлари ажратиш амалиётини тубдан такомиллаштириш;

кредит фоизини қисман компенсация қилиш имтиёзини иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига бериш амалиётини жорий этиш;

банк тизимига хусусий ва хорижий капитал кириб келиши учун қулай муҳит яратиш, банклардаги давлат улушини босқичма-босқич камайтириш;

харажати нисбатан кам бўлган электрон рақамли технологияларга асосланган молиявий хизматларни жорий қилишни рағбатлантириш механизмини жорий этиш;

инсон аралашувисиз кредитлаш, ҳужжатларни, шу жумладан барча турдаги аризаларни электрон шаклда тақдим қилиш механизмини жорий қилиш;

чакана қарз олувчиларнинг кредитга лаёқатлилик даражасини баҳолаш ҳамда уларга кредит ажратиш муддатини қисқартириш учун автоматлаштирилган “скоринг” моделини яратиш ва рақамли технологиялар асосида кредитлашга ўтиш;

республика ҳудудларида банкоматлар ва инфокиосклар сонини камида 10 мингтага ошириш;

тижорат банкларида мижозларнинг кредит сўровномасини ўрганиш жараёнини янада соддалаштириш, шу жумладан “Кредит тарихи”дан фойдаланиш механизмини кенг жорий қилиш ҳамда кредит тарихи институтини хусусий сектор вакиллари томонидан ташкил қилиниши назарда тутиш;

рақамли технологияларга асосланган “виртуал банк” ва молиявий хизмат турларини янада кенгайтириш;

замонавий банк хизматлари кўламини янги молиявий инструментлар жорий этиш, хусусан облигациялар чиқариш орқали янада кенгайтириш;

маҳаллий ва ҳалқаро банк пластик карточкалари бўйича ҳисоб-китобларда банклар орасида ахборот ва технологик ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Миллий банклараро процессинг марказини ишга тушириш;

банк тизимига юқори малакали, чет эл банкларида фаолият юритган ёш кадрларни жалб қилиш;

миллий тўлов тизимини ҳалқаро тўлов тизимлари (Visa, Master Card ва бошқалар) билан интеграциялаш; 

валюта айрибошлашдаги ва сотишдаги асоссиз чекловларни бартараф этиш, жумладан жисмоний шахсларга нақд валютани сотиш, инвестиция олиб кирган шахслар учун валюта репатриациясини тўлиқ жорий этиш ва валюта айрибошлашни қонунийлаштириш каби чораларни кўриш кўзда тутилади.

«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамалари 2019 йилнинг 15 январига қадар ўтказилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид