Жаҳон | 15:34 / 03.01.2019
7872
2 дақиқада ўқилади

Трамп ва партиялар раҳбарлари бюджет борасида келишувга эриша олишмади

Фото: The Washington Post/Bill O'Leary

АҚШ президенти Дональд Трампнинг демократлар ва республикачилар раҳбарлари билан 2019 йилги бюджет борасида ўтказган музокараси натижасиз якунланди, музокаралар 4 январь куни давом этади. Бу ҳақда The Washington Post хабар берди.
Республикачиларнинг сенатдаги раҳбари Митч Макконеллнинг айтишича, АҚШдаги муҳим идора ва вазирликларнинг вақтинча ишламай туриши «ҳафталарга» чўзилиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, республикачилар томонидан назорат қилинувчи сенат демократлар таклиф этган тузатишларни кўриб чиқишга вақт сарфламоқчи эмас.

Шатдаун — АҚШ федерал ҳукумати ишининг вақтинча тўхтатилиши 22 декабрдан буён давом этмоқда. Бунга демократлар ва республикачиларнинг Мексика билан чегарада девор қурилиши сабабли бюджет борасида келиша олмаганликлари сабаб бўлди. Республикачилар бу мақсад учун 5 млрд доллардан ортиқ маблағ ажратилишини қўллаб-қувватлаётган бўлса, демократлар 1,3 млрд долларга рози бўлишмоқда.

Айни вақтда ички ишлар, қишлоқ хўжалиги, уй қурилиши ва шаҳарни ривожлантириш, савдо, миллий хавфсизлик ва молия вазирликлари,  давлат департаменти молиялаштиришсиз қолди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид