Жамият | 21:07 / 05.01.2019
29292
2 дақиқада ўқилади

Олтинсойнинг «олтин йўллари»га кимлар жавобгар эди?

Хизмат сафари юзасидан Сурхондарё вилоятига тез-тез йўлимиз тушиб туради. Вилоятнинг баланд-баланд тоғлари, хушманзара адирликлари жозибаси кишини ўзига мафтун этмай қолмайди.

Аммо автомобиль кетма-кет йўлдаги чуқурликларга тушиб, гўзал таассуротларингизни бир зумда тўзғитиб юборади.

Сиз суратларда кўриб турган ушбу узун, ўта таъмирталаб йўллар Олтинсой тумани, Бўлактепа кўчасидан бошланади. Қолаверса, туманга қарашли бошқа кўчалардаги йўлаклар таъмир даражаси ҳам кўнгилдагидек эмас.

Суриштирувларга кўра йўллардаги ушбу чуқурликлар анчадан буён автомобиллар ўтиб-қайтишига ноқулайлик туғдириб келади. Яъни муаммо эски. Бироқ, уни ҳал этишга келганда масъуллар томонидан панжа орасидан қараб келинмоқда. 

Ҳолатларни суратларга муҳрлаётганимизда, йўлдан ўтаётган ҳайдовчилар ҳам бир муддат тўхтаб, ҳолат юзасидан ўз эътирозларини баён этишди. Аксарият тингланган шикоятлар мазмуни эса йирик ҳажмдаги чуқурликларга тушавериб, бир неча бор автомобилларнинг носоз ҳолатга келиб қолганлиги ҳақида бўлди.

Масалани айни қиш мавсумида ҳал этиш, таъмир ишларини олиб бориш сифат даражасидаги талабга жавоб берадими йўқми? Буни мутасаддилар билан биргаликда мутахассислар ҳукмига ҳавола этамиз.

Бироқ, бизни қизиқтираётгани, янаги йилда кўзда тутилган таъмирлар режасига Олтинсой йўллари ҳам тўлиқ киритиладими?

Ушбу саволимизга 2019 йил давомида жавоб кутиб қоламиз.

Таҳририятдан: Олтинсой туманида жойлашган бу абгор йўл ҳақида Kun.uz аввал ҳам фоторепортаж тайёрлаган эди. Шундан сўнг сурхондарёлик масъуллар мазкур йўл бўйлаб жойлашган кўприклардан бирини таъмирлаб қўйиш билангина чекланишган эди. Кўриб турибмизки, Kun.uz’даги дастлабки чиқишдан сўнг ҳам Олтинсой туманидаги йўллар қарийб 1,5 йилдан буён ўзгаришсиз аҳволда қолмоқда.

Моҳичеҳра Эшмирзаева

Мавзуга оид