08:46 / 05.01.2019
8628

«Тоттенҳэм» Англия кубоги ўйинида жавобсиз 7та гол урди

Фото: Getty Images

4-7 январь кунлари Англия кубогининг учинчи босқичи доирасида 30дан ортиқ учрашувлар бўлиб ўтади. 4 январга белгиланган ягона ўйин йирик ҳисобда якун топди: «Тоттенҳэм» тўртинчи лига иштирокчиси «Тренмере» майдонига сафар қилиб, 7:0 ҳисобида зафар қучди.

Лондонликлар сафидан Фернандо Льоренте ҳет-трик, Серж Орье дубль қайд этди; Сон Ҳён Мин ва Ҳарри Кейн ҳам ўз ҳисобига биттадан гол ёзиб қўйди.

7:0 ҳисобидаги ушбу ютуқ «Тоттенҳэм»нинг расмий сафар ўйинларидаги энг йирик ғалабаси бўлди. Жамоанинг ўз уйида қозонган энг катта ҳисобдаги ғалабалари 1962 йилдаги «Крю»га қарши баҳс (13:2) ва 2009 йилда «Уиган» билан ўйинга (9:1) тўғри келади. Маълумот учун, клуб 1882 йилда ташкил топган.

«Шпорлар»нинг тўртинчи босқичдаги рақиби 7 январь куни ташланадиган қуръада маълум бўлади. Кейинги босқич ўйинлари шу ой охирига белгиланган.

Англия кубоги, 1/32 финал
Транмер Роверс - Тоттенҳэм Ҳотспур - 0:7 (0:1)
4 январь. Беркенхед. «Прентон Парк».
Голлар: Орье, 40 (0:1). Льоренте, 48 (0:2). Орье, 55 (0:3). Сон Ҳён Мин, 57 (0:4). Льоренте, 71 (0:5). Льоренте, 72 (0:6). Кейн, 82 (0:7). 
Тоттенҳэм: Гассанига, Орье, Дэйвис, Санчес (Эйома, 79), Уокер-Питерс, Фойт, Алли, Скипп, Льоренте (Кейн, 75), Лукас Моура, Сон Ҳён Мин (Марш, 65).

Top