Бу йил ҳисобидан терма жамоаларга ажратилган сўнгги танаффус олдидан клублар ўртасидаги чемпионатларда муҳим тур ўйинлари бўлиб ўтади. Англияда сўнгги йилларнинг энг муваффақиятли ва энг муваффақиятсиз топ-клублари ўзаро баҳслашса, Италияда Спалетти Турин дербисида синовдан ўтади. Францияда ҳам жуда қизиқарли ўйин бор. Хуллас бу сафар ҳам зерикмаймиз.

ТОТТЕНҲЭМ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (8 ноябр, 17:30)

Турнир жадвалида қўшни бўлиб турган бу икки жамоада қизиқ ўхшаш жиҳати бор. “Тоттенҳэм” охирги пайтларда ўз майдонида жуда ёмон натижалар қайд этаётган бўлса, “Манчестер Юнайтед”нинг сафар ўйинлари шунақа. Лондонликлар сўнгги бир йилда АПЛ доирасида ўтказган 20 уй учрашувининг атиги 3 тасини ўз фойдасига ҳал қилган холос. Ушбу мавсумни “Бёрнли” устидан 3:0 ҳисобидаги ишончли ғалаба билан бошлаган Томас Франк жамоаси кейинги ўйинларда юта олмади. Ҳатто аутсайдер “Вулверҳэмптон” ҳам Лондондан очко олиб кетишга муваффақ бўлди. “Манчестер Юнайтед”нинг бир йилдаги сафар ўйинлари ҳам деярли шунақа кўрсаткич – атиги 4 ғалаба. Яъни ким ютишидан қатъи назар қонуниятга терс нимадир бўлади.

Бошқа серия ҳам бор – “Тоттенҳэм” сўнгги йилларда “Манчестер Юнайтед”га қарши ўзаро ўйинларда анча муваффақиятли. 2022/2023 мавсумида бошида Эрик тен Хаг бошчилигида “МЮ” “Олд Траффорд”да 2:0 ҳисобида устун келган ва бу ҳозирча “қизил иблисларнинг” охирги ғалабаси бўлиб турибди. Айниқса ўтган мавсумда “Тоттенҳэм” чин маънода “МЮ”нинг криптонитига айланиб олди. АПЛ доирасида ҳар икки ўйинни ўз фойдасига ҳал қилган “Тоттенҳэм” ҳам Лига кубогида рақибини мусобақадан чиқариб юборди, ҳам Европа Лигаси финалида 1:0 ҳисобида ютиб, Аморим жамоасини ҳам совринсиз, ҳам Чемпионлар Лигасисиз қолдирди.

Дарвоқе, Чемпионлар Лигасидаги иштирок бу ўйинда мезбонларга ҳалақит бериши мумкин. Чунки еврокубокларсиз қолган “Манчестер Юнайтед” ҳафтада бир режимида жисмоний томондан яхшироқ кўринишини мумкин. “Тоттенҳэм” гарчи йирик ғалабага эришган бўлса-да, ҳафта ўртасида “Копангаген” билан ўйнагани мазкур учрашув учун тайёргарлик муддатини қисқартиргани табиий.

Албатта, ўйинларнинг кўпроқ экани жароҳатларга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. “Тоттенҳэм” мавсумни Кулушевски, Мэддисон каби етакчиларсиз бошлаган бўлса, энди бугунги лидерларни ҳам бой бермоқда. Хусусан Муҳаммад Кудуснинг майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. Ундан ташқари, Биссума, Соланке, Бергвал каби асосий таркиб футболчиларида ҳам жароҳатлар бор. Лекин Ромеронинг қайтгани яхши хабар, зеро унинг ван дер Вейн билан жуфтлиги анча ишончли саналади. Ўтган мавсумнинг муваффақиятли тугашида ҳам, “МЮ”га қарши кечган уч баҳсда “Тоттенҳэм” ўз дарвозасини дахлсиз сақлашида ҳам бу жуфтликнинг меҳнати катта. Меҳмонлар сафида эса Коби Майну майдонга туша олмайди. У машғулотларда кичик жароҳат олгани айтилмоқда. Машғулотларга қайтган Лисандро Мартинес эса катта эҳтимол билан терма жамоалар билан боғлиқ танаффусдан сўнг ўйинларда иштирок этишни бошласа керак.