Ким Чен Иннинг туғилгани кунида шимолий кореялик ўқувчиларга ширинликлар улашилди
Шимолий кореялик ўқувчилар 8 январда мамлакат етакчиси Ким Чен Иннинг таваллуд куни муносабати билан совға сифатида ширинликлар олишди. Совға тўпламига маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг қандолатчилик маҳсулотлари: мармелад, вафли, печенье, сақич ва карамеллар кирган. Ҳар бир совғанинг умумий оғирлиги 1 кгни ташкил қилган.
Ким Чен Ин 8 январда туғилган, бироқ у 2011 йилда ҳокимият тепасига келгандан бери таваллуд куни миллий байрам сифатида бирор марта нишонланмаган. Барча маҳаллий тақвимларда 8 январь оддий кун қилиб белгиланган.
Бироқ шунга қарамай, Шимолий Кореянинг барча аҳолиси 8 январь қандай кунлигини билади ва ўқитувчилар совғаларни улашиб, бу мамлакат раҳбарининг туғилган куни муносабати билан ўқувчиларга давлат томонидан қаратилган эътибор эканлигини эслатиб ўтишади.
Шу билан бирга Ким Чен Иннинг туғилган йили ҳақида расман ҳеч нарса маълум қилинмаган. Турли манбаларда Шимолий Корея етакчисининг туғилган йили сифатида 1982, 1983 ёки 1984 йиллар тахмин қилинади.
Шимолий Кореянинг марҳум собиқ етакчилари – Ким Чен Иннинг бобоси Ким Ир Сен ва отаси Ким Чен Ирнинг туғилган кунлари мамлакатдаги йирик байрамлар ҳисобланади ва катта тантаналар билан ўтади. 15 апрель Шимолий Кореяда мамлакат асосчиси Ким Ир Сен шарафига “Қуёш куни” сифатида нишонланади. У 1912 йил айнан шу куни дунёга келган. Ким Чен Ир эса 1942 йил 16 февралда таваллуд топган ва бу кун Шимолий Кореяда “Ёрқин юлдуз куни” сифатида байрам қилинади.
Болаларга мамлакат етакчисининг туғилган кунида ширинликлар улашиш 1980 йилда Ким Ир Сен томонидан анъанага киритилган.
Ким Чен Ин жорий туғилган кунини Хитойда кутмоқда. У бу ерга Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказгани 7 январда келди.
Мавзуга оид
09:08 / 08.11.2024
Зеленский: Курск областидаги КХДР аскарлари йўқотишларга дучор бўлмоқда
22:13 / 31.10.2024
Украина Ким Чен Инни ҳибсга олиш ордери бўйича ХЖСга мурожаат қилади
21:26 / 29.10.2024
КХДР раҳбари Ким Чен Иннинг хавфсизлиги кучайтирилди – ОАВ
20:15 / 27.10.2024