Жамият | 19:10 / 10.01.2019
12785
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида рўй берган ЙТҲда 1-синф ўқувчиси ҳалок бўлди

Фото: KUN.UZ

Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида енгил автомобилнинг 1-синф ўқувчисини уриб юбориши оқибатида бир оиланинг фарзанди вафот этди. 2019 йил 7 январь куни соат тахминан 14:30 ларда  Қуйичирчиқ туманида, «Нексия» русумли автомобиль ҳайдовчиси К.Н. қатнов йўлини чап томондан ўнг томонга кесиб ўтаётган 2011-йилда туғилган пиёда А.И.ни уриб юборган. Пиёда А.И. оғир тан жароҳатлари оқибатида Қуйичирчиқ туман марказий шифохонасида ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ Ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Дастлабки тергов олди суриштирув маълумотларига кўра, таътил кунлари ота-онасининг назоратидан четда қолган 1-синф ўқувчиси А.И. йўл юзида жойлашган дўкондан чиқиб, йўлни белгиланмаган қисмидан югуриб ўтаётган вақтида ушбу йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан ЎзР Жиноят кодексининг 266-моддаси, яъни «транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш»нинг тегишли қисми бўйича жиноят иши қўзғатилиб дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, дейилади хабарда, Тошкент вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан мактаб ўқувчилари, масъул ходимлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокида ўқувчилар томонидан йўлларда ҳаракатланиш қоидалари, мақсадсиз равишда автомобиль йўлларда юрмаслик борасида тарғибот суҳбатлари ўтказилишига қарамасдан шундай мудҳиш ҳодиса рўй берган. 

Шу муносабат билан ота-оналардан жондан азиз фарзандларини қаровсиз қолдирмаслик, автомобиль йўлига уларни ёлғиз чиқармасликларини тавсия қиламиз.

Мавзуга оид