Жаҳон | 16:02 / 14.01.2019
10311
2 дақиқада ўқилади

10 йиллик танаффус. Беларусь ва АҚШ элчиларни ўзаро қайтармоқчи

Фото: ИТАР-ТАСС/Антон Новодережкин

Беларусь ва АҚШ ўзаро дипломатик алоқаларни кенгайтириш, жумладан, элчиларни қайтариш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда 14 январь, душанба куни республика ташқи ишлар вазири Владимир Макей маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА Новости.

Вазирнинг сўзларига кўра, томонлар «муаммоли масалаларнинг барча йўналиши бўйича», шу жумладан, «ҳар икки мамлакатда дипломатик алоқаларни кенгайтириш истиқболларига алоқадор» музокаралар олиб бормоқда.

«Биз ҳар икки томон элчилар даражасида тақдим этилишига оид позициядан келиб чиққан ҳолда, ўзаро ҳамкорликни қандай ривожлантириш кераклиги ҳақида музокаралар олиб бормоқдамиз», - дея таъкидлаб ўтди Макей.

2008 йилда АҚШнинг Минскдаги элчихонаси дипломатик штати 35 кишидан 5 кишигача қисқартирилди. Минск Вашингтондан элчисини чақиртириб олди ва америкалик элчига республикани тарк этишни тавсия қилди. Икки мамлакат ваколатхоналарига вақтинчалик ишончли вакил раҳбарлик қилиб келди. Шу тариқа Беларусь ҳукумати АҚШ инсон ҳуқуқлари бузилгани учун унга нисбатан қўллаган иқтисодий санкцияларга жавоб берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Беларусь АҚШ билан муносабатларни яхшилашга киришганди.

Беларусь ТИВ ва АҚШ Давлат департаменти раҳбарияти ўртасида сўнгги вақтлар ичида бир неча телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда 11 январь, жума куни Беларусь ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Анатолий Глаз хабар берган.

Дипломат сўзларига кўра, музокаралар чоғида томонлар Беларусь-Америка муносабатларининг турли жиҳатларини муҳокама қилди. «Дипломатик этика қоидаларига кўра, бу суҳбатларнинг батафсил мазмуни ошкор қилинмайди», - дея тушунтирди у.

Мавзуга оид