Бухородаги зўравонлик можароси: Вилоят ҳокими томонларни «яраштириб» қўйди. Энди фермерни урган ҳокимга қарши чора кўрилмайдими?
9 январь куни Бухоро вилоятидаги Олот тумани ҳокими Шерали Саломов «Шуҳрат» фермер хўжалиги раҳбари Ориф Дурматовни кўпчилик олдида уриб, дўппослаганди. 200 нафардан ортиқ фермер иштирокидаги йиғилиш вақтида у фермернинг ҳуқуқларини топтаб, фермерлик ҳисоб рақамидаги 25 миллион сўм маблағни бошқа мақсадларга йўналтиришга мажбурлаганди.
Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz’га берган хабарга кўра, Олот тумани ҳокими ва фермер ўртасидаги можарога Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ҳам аралашган. У 15 январь куни Олот тумани фаоллари билан учрашган.
Кескин танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда Ўктам Барноев Олот тумани ҳокими Шерали Саломовнинг Ориф Дурматов шахсига нисбатан қилган хатти-ҳаракатини қаттиқ қоралаган.
«Вилоят ҳокими бу ишлар юртимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган «халқни рози қилиш» сиёсатига мутлақо тўғри келмаслигини таъкидлади. Шунингдек, бу ҳолат, нафақат, туман ҳокими, балки вилоятдаги ҳар қандай раҳбарлар томонидан такрорланса, уларга нисбатан қаттиқ чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди», дейилади хабарда.
«Олотлик фермер Ориф Дурматов билан шахсан гаплашдим. Меҳнаткаш, ҳалол мард, танти, ғурурли йигит экан. Ҳоким билан юз берган ҳолатни тўғри тушуниб, мардларча ўзини тутди. Бундан буён бу фермер шахсан менинг эътиборимда бўлади. Бухорода адолатсизлик сиёсати бўлмайди. Юрт корида «лаббай» деб, сидқидилдан меҳнат қилиб, эл корига яраб турган бундай фермерларни қўллаб-қувватлаймиз.
Шу ўринда таъкидлаб ўтишим керакки, Олот тумани фермерлари 2018 йилда матонат билан меҳнат қилди. Туман пахта ва ғалла шартномаларини республика ва вилоятда биринчилардан бўлиб бажарди. Нафақат, қишлоқ хўжалигида, балки, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш борасида барча соҳаларда ҳам туманда самарали ишлар амалга оширилди. Жумладан, йўл ва кўприк қурилишлари, «Обод қишлоқ» ва «Yoshlar - kelajagimiz» дастурлари доирасида туманда муайян ишлар амалга оширилди. Бу ишлар 2019 йилда ҳам кўтаринки руҳда давом эттирилади»,- деган вилоят ҳокими Ўктам Барноев.
«Йиғилиш якунида вилоят ҳокими туман фаолларининг таклиф ва тавсияларига кўра, Олот тумани ҳокими Шерали Саломов бўлган воқеадан афсусда эканлиги ва фермердан узр сўраганлигини инобатга олиб, иккала томонни «яраштириб» қўйди», дейилади вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.
Қайд этиш керакки, Олотдаги воқеа ҳокимларнинг ўз қўли остидагиларга муштумзўрлик қилиши билан боғлиқ илк ҳодиса эмас. 2017 йилнинг август ойида Сирдарё вилояти, Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев йиғилиш вақтида ўз ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда мактаб директорларини калтаклаганди.
Воқеа тасвирланган видео ижтимоий тармоқда тарқалиб кетгач, ҳоким узр сўраганди. Аммо Бухородагидан фарқли равишда ўшанда прокуратура томонидан зўравон ҳокимга нисбатан иш очилганди.
3 ойдан ортиқ давом этган текширувлардан кейин, 2017 йилнинг 28 декабрь куни Сайхунобод туман прокуратураси томонидан ўтказилган текшириш натижаси бўйича Носиржон Эгамбердиевнинг ҳаракатларида МЖтКнинг 41-моддасида назарда тутилган ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр қимматини қасддан камситиш ва 183-моддаси назарда тутилган майда безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиш ҳуқуқбузарлиги аломатлари мавжуд бўлгани сабабли, унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилганди. Ҳоким кейинчалик жарима тўлади ва 2018 йилнинг январида ишдан олинди.
Олот ҳокими Шерали Саломов фермерни урганини яшириб ўтирмади ва уни «шахсий манфаати йўлида урмагани»ни иддао қилди.
Олот туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Анвар Ондаев бу иш прокуратурага оширилганини, тергов жараёни кетаётганини маълум қилганди.
Ҳозирча тергов натижалари маълум эмас ва бу ҳақида турли тахминларни илгари суриш нотўғри. Гарчи вилоят ҳокими томонларни яраштириб қўйган бўлса-да, бу ҳуқуқий жиҳатдан Олот туман ҳокимининг жазодан қутулиб қолиши учун сабаб бўла олмайди.
Назарий жиҳатдан, Шерали Саломовнинг ҳаракатларига қарши ҳам маъмурий, ҳам жиноий жавобгарлик чоралари кўрилиши мумкин.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 41-моддасига биноан, ҳақорат қилгани, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситгани учун энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланган.
Саломовнинг зарбалари оқибатида Дурматов тан жароҳати олган. Шифокорлар унга бош энса соҳаси ва ўнг кўз атрофида юмшоқ тўқималари лат ейиши ташхисини қўйишган. Мазкур зарбалар қасддан амалга оширилгани учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 52-моддасига кўра, агар зарбалар соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча кўп давом этмайдиган турғун тарзда йўқотилишига олиб келмаган бўлса, энг кам иш ҳақининг икки бараваридан тўрт бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Саломовнинг ҳаракатлари жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши ҳам мумкин. Жумладан, ҳодисанинг ҳолатларидан келиб чиқиб, Жиноят кодексининг 205-моддаси («ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш») ёки 206-моддаси («ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш») билан жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатда ҳокимга энг кам ойлик иш ҳақининг 150 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолари тайинланиши ҳам мумкин.
Мазкур ҳодисанинг қандай натижа билан тугашини, ҳокимнинг хатти-ҳаракатлари қандай квалификация қилинишини фақат тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар белгилайди. Биз бир нарсага ишонамизки, муштумзўр ҳокимнинг мазкур иши «босди-босди» бўлиб кетмайди, қонун доирасида батафсил ўрганилади ҳамда Жиноят кодексининг 10-моддасига биноан, ҳокимнинг қилмишида жиноят таркиби мавжудлиги аниқланса, у жавобгарликка тортилади.
Ҳокимга чора кўриш учун фермернинг аризаси шартми?
Шарт эмас. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Жиноят-процессуал кодексининг 327-моддасига биноан, оммавий ахборот воситалари берган хабарлар асосида жиноят ишини қўзғатиши мумкин. Бунинг учун албатта жабрланувчининг аризаси талаб этилмайди.
ЖПК 325-моддаси кўра, ҳокимга нисбатан баданга ўртача оғир ва енгил шикаст етказганлик ҳолати бўйича (ЖК 105, 109-моддалар) жиноят ишини қўзғатиш учун калтакланганларнинг аризаси талаб этилиши мумкин. Лекин жабрланувчи ночор аҳволда бўлгани, айбланувчига қарам бўлгани туфайли ёки бошқа сабабларга кўра ўз ҳуқуқини ва қонуний манфаатларини ўзи ҳимоя қила олмайдиган алоҳида ҳолларда прокурор жабрланувчининг шикоятисиз ҳам жиноят ишини қўзғатиши шарт. Ҳозирги ҳолатда фермерни ана шундай ночорлар сафига қўшиш мантиққа зид эмас.
Хулоса: ҳозирги ҳолатда фермернинг аризаси шарт эмас, ҳаттоки у «ҳокимга нисбатан даъвойим йўқ, ярашдим» деб ёзиб берган тақдирда ҳам, ҳокимни жавобгарликка тортиш мумкин.
Яна бир бор таъкидлаймиз, Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашга масъул идоралар бор. Лекин ҳозирча улар негадир жим.
Маълумот учун, Шерали Ҳусенович Саломов 1978 йили Бухоро вилояти, Қоракўл туманида туғилган, 1999 йили Тошкент Молия институти, 2011 йили Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги - иқтисодчи.
У 2008-2010 ва 2011 йилларда Бухоро вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари бўлган, 2011 йилдан буён Олот тумани ҳокими лавозимида ишлаб келмоқда.
Азиз Қаршиев
Мавзуга оид
12:03
Бухорода газ портлаши: бир оиладан 2 киши вафот этди, 2 киши куйиш жароҳатини олди
12:00 / 27.11.2024
Сўровнома: Аёлларга нисбатан зўравонликни камайтириш учун нималар қилиш керак?
11:45 / 26.11.2024
Хитой Бухорода оқова сувларни қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширмоқчи
09:52 / 26.11.2024