Жаҳон | 15:29 / 15.01.2019
50528
3 дақиқада ўқилади

Глобал фалокатнинг яқинлашиш тезлиги ортди

Фото: Shutterstock

Ирвайндаги (АҚШ) Калифорния университети олимларининг аниқлашича, Антарктида ҳозирги вақтда қирқ йил аввалгига қараганда олти марта кўпроқ музни йўқотмоқда. Эришнинг тезлашиши келгуси ўн йилликда денгиз сатҳи даражаси аввалги тахминлардан ҳам тезроқ кўтарилишига олиб келиши мумкин. Тадқиқотчилар мақоласи Proceedings of the National Academy of Sciences журналида эълон қилинган.

1979-1989 йиллар орасида Антарктика ҳар йили 40 миллиард тонна муз йўқотган. 2009 йилдан бошлаб бу кўрсаткич 252 миллиард тоннага етди. Шу билан бирга, денгиз сатҳи даражасининг бир миллиметрга ошиши учун 360 миллиард тонна муз керак бўлади. Олимлар сўзига кўра, ҳатто Жанубий қутбнинг энг барқарор ҳисобланган ҳудудлари ҳам глобал исиш олдида ожиз қолган.

Тадқиқотчилар янги маълумотлар парник газлар чиқарилиши кескин қисқартирилмаса, иқлим ўзгаришининг фожиали оқибатлари бўйича тахминларни ёмонлаштираётганидан ташвишда. Экстремал об-ҳаво шароитларидан ташқари, жумладан, тез-тез қурғоқчилик, жазирама иссиқ, қаттиқ пўртана ва бўронлар билан бирга, 2100 йилга келиб денгиз сатҳи даражаси бир метрга кўтарилиши кутилмоқда. Бу Мальдив ва Сейшель ороллари, қатор ёввойи ҳайвонлар яшаш жойлари сув остида қолиши ҳамда чучук сув манбалари йўқолишига олиб келади. XX аср бошидан бери денгиз сатҳи даражаси тахминан 20 сантиметрга кўтарилган.

Антарктикадаги барча музликларнинг эриши денгиз суви 57,2 метрга кўтарилишига олиб келади. Музликларнинг йўқолиши катта муз қатламлари қисман океанда жойлашиб, нисбатан илиқ сувга тегиб туриши туфайли юз беряпти. Одатда, бу жараён қаттиқ ёғингарчилик билан қопланади, аммо эриш тезлашганда муз қатламининг йўқолиши ёғаётган қор ҳажмидан ошади. 1979 йилдан бошлаб Пайн Айленд музлиги триллион тоннадан ортиқ муз йўқотди, Туэйтс музлиги эса - 634 миллиард тонна. Энг катта миқдорда муз мавжуд бўлган Шарқий Антарктида ҳам иқлим ўзгаришидан таъсирни қабул қилиб олмоқда. Кук, Ниннис ва Денман музликларида эриш кузатиляпти. Денман музлиги деярли 200 миллиард тонна муз йўқотди, қолганлари эса денгиз сатҳини 1,5 метрга кўтариш учун етарли. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Антарктидадаги барқарор музликлар эришни бошлагани хабар қилинганди.

Мавзуга оид