Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шерзод Кудбиев Японияда: Ўзбекистон фуқароларини танлаш дастури ва стажёрларни техник тайёрлаш масалалари муҳокамада
13-17 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиевнинг Японияга ташрифи амалга ошмоқда. Вазирликнинг Facebook саҳифасида маълум қилинишича, ушбу ташрифдан кўзланган мақсад Японияда стажёрларни техник тайёрлаш дастури бўйича ҳамкорлик ўрнатиш, шунингдек, Японияда ишга жойлаштириш учун Ўзбекистон фуқароларини уюшган ҳолда танлаш дастурини амалга оширишни ташкиллаштиришдан иборат.
15 январь куни Шерзод Кудбиев Япония Соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазири жаноб Такуми Немото билан учрашди. Томонлар келгусидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, Ўзбекистондан борган стажёрларни Японияда техник тайёрлаш дастурини амалга ошириш механизмлари каби масалаларни муҳокама қилишди.
Немото жорий йил апрель ойидан кучга кириши кутилаётган иммиграцияга оид янги қонунчилик доирасида Ўзбекистонни Япониядаги ишчи кучлари эксперт мамлакатлар рўйхатига киритишни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлади.
Учрашув якунида Япония Соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўртасида стажёрларни техник тайёрлаш дастурини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни имзолаш маросими ўтказилди.
Бундан ташқари, техник стажёрлар дастурини (OTIT) амалга ошириш бўйича ташкилот раиси жаноб Ёшио Сузуки билан ҳам учрашув бўлиб ўтди.
Ёшио Сузуки ташқи меҳнат миграцияси соҳасида Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўйилган мақсадларни амалга оширишда кўмаклашишга, шунингдек, Японияда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган юртдошларимиз ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоялашда ёрдам беришга тайёр эканлигини маълум қилди. Ташкилот расмий сайтига техник стажёрлар ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш мақсадида техник стажёрларни танлаш билан шуғулланувчи Ўзбекистоннинг амалдаги хусусий бандлик агентликлари рўйхатини тақдим этиш сўралди.
Япония Парламенти биносида Маслаҳатчилар Палатаси аъзоси, “Кибо” партияси вакили жаноб Мацузава Шигэфуми билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида миграцияга оид Япония қонунчилигидаги ўзгаришларнинг кучга кириши доирасида ўзбек-япон ҳамкорлигининг келгуси истиқболлари муҳокама этилди.
Шигэфуми ўзбек делегациясига Япониянинг яқин беш йил ичида 350 минг нафар хорижий ишчини қабул қилишни режалаштираётгани ҳақида маълумот берди ва ишга жойлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жалб этишга қизиқиш билдираётганини таъкидлади.
Мавзуга оид
20:40 / 27.06.2026
Японияда ноқонуний яшаб келган Ўзбекистон фуқароси депортация қилинди
16:44 / 22.06.2026
Япония виза нархини беш баробарга оширади
10:15 / 17.06.2026
Ўзбекистонда 10 ёшдан катта аҳолининг қарийб барчаси мобил телефон ишлатади
18:57 / 15.06.2026