Жаҳон | 19:22 / 16.01.2019
6928
2 дақиқада ўқилади

Трамп маъмурияти яна 50 мингга яқин кишини ойлик олмасдан ишлашга чақирди

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти ички даромадлар хизмати (солиқ)нинг 46 минг нафар ходимини "шатдаун" вақтида ойлик олмасдан ишлашга чақирди. Бу ҳақда мамлакат молия вазирлигининг баёнотида маълум қилинди.

Ҳужжатдан маълум бўлишича, "шатдаун" даврида хизматнинг жами ходимлари сони 80265 кишини ташкил этган. Уларнинг ярмидан кўпи пул тўланмайдиган таътилдан чақириб олинган.

The Washington Post газетасининг ёзишича, гап бевосита солиқ компенсациялари тўлови учун жавобгар амалдорлар ҳақида бормоқда.

Бундан ташқари, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда маҳсулотлар ва дорилар назорати учун жавобгар бўлган бир неча минг давлат хизматчиси ҳам ишга чақириб олинган.

Аввалроқ АҚШ соҳил қўриқлаш хизмати ҳарбийлари "шатдаун" боис ойлик маош ололмасликлари хабар қилинганди.  

Шатдаун — АҚШ федерал ҳукумати ишининг вақтинча тўхтатилиши 22 декабрдан буён давом этмоқда. Бунга демократлар ва республикачиларнинг Мексика билан чегарада девор қурилиши сабабли бюджет борасида келиша олмаганликлари сабаб бўлди. Республикачилар бу мақсад учун 5 млрд доллардан ортиқ маблағ ажратилишини қўллаб-қувватлаётган бўлса, демократлар 1,3 млрд долларга рози бўлишмоқда.

Айни вақтда ички ишлар, қишлоқ хўжалиги, уй қурилиши ва шаҳарни ривожлантириш, савдо, миллий хавфсизлик ва молия вазирликлари, давлат департаменти молиялаштиришсиз қолди.

Мавзуга оид