Ўзбекистон | 10:41 / 16.01.2019
17908
3 дақиқада ўқилади

Юридик шахсларнинг корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби бўйича низомга ўзгартиришлар киритилди

Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди, деб ёзмоқда Buxgalter.uz.
 
Ўзгартиришлар билан корпоратив «пластик» воситасида тўловлар амалга оширилганда юридик шахс бухгалтерияси томонидан қабул қилинадиган ҳисобот ҳужжатлари рўйхатига тузатиш киритилди. Эслатиб ўтамиз, айни пайтгача терминаллар квитанцияларининг асл нусхалари, унга илова қилинган тегишли савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича тўловни терминал орқали қабул қилган хизматчининг имзоси ва «тўланди» муҳри қўйилган счётлар ва квитанциялар ана шундай ҳужжатлар сифатида хизмат қилар эди.
 
Биринчидан, энди кўрсатилган хизматлар бўйича счётлар ва квитанцияларда тўловни терминал орқали қабул қилган хизматчининг имзоси бўлиши талаб этилмайди.
 
Иккинчидан, ҳисобот ҳужжатларига электрон тижорат битимларидаги томонларни идентификациялаш имконини берувчи электрон чеклар, квитанциялар, хабарлар ва бошқа усуллар ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли реквизитларга эга бўлган бошқа ҳужжатлар киритилди.
 
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб юридик шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан нақд пулсиз ҳисоб-китоблар олди-сотди шартномаларини тузмасдан, бироқ инвойс (ҳисобварақ-фактура) бериш орқали корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда.
 
Шу сабабли юридик шахс билан электрон тижорат битимини амалга оширишда корпоратив карта воситасида тўлов тўланганда, юқорида кўрсатилган ҳужжатлар берилишидан қатъи назар, қуйидагилар расмийлаштирилади:  
 
а) ҳисобварақ-фактура – товарлар реализация қилинганда (сабаби аҳолига товарлар нақд пулга сотилгандагина чеклар ва квитанциялар ҳисобварақ-фактура ўрнини босади);
 
б) ишлар ёки хизматлар реализация қилинганда – улар ҳақиқатда бажарилганини, кўрсатилганини тасдиқловчи (масалан, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар далолатномаси ва ҳ.к.), Солиқ кодексининг 222-моддаси биринчи қисмида кўрсатилган маълумотларни ўз ичига олган ҳужжат.       
 
Ҳужжат 11.01.2019 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид