Жаҳон | 15:19 / 20.01.2019
10615
2 дақиқада ўқилади

Туркия Трампнинг собиқ вакилини терроризмни тарғиб қилишда айблади

Фото: Global Look Press / Mohammad Abu

АҚШ президентининг ИШИДга қарши курашиш бўйича собиқ махсус вакили Бретт Макгеркнинг Анқара ҳақида айтган сўзлари терроризм тарғиботидир, деди Туркия президентининг матбуот котиби Иброҳим Қалин.

Аввалроқ Макгерк Туркияни Сурия бўйича "ишончсиз ҳамкор" деб атаганди. Унинг сўзларига кўра, Анқара Суриядаги "экстремистик қатлам" бўлган мухолиф гуруҳларни қўллаб-қувватламоқда. Бундан ташқари, у бу гуруҳлар АҚШ қўллаб-қувватлаётган "Сурия демократик кучлари"га муқобил бўлиш учун жудаям кичиклик қилади, деб ҳисоблайди.

"Таҳлилингиз нотўғри, Туркияга нисбатан айтган сўзларингиз эса буткул сафсата ва терроризм тарғиботининг давомидир. Туркия Суриядаги юз минглаб аҳоли, жумладан араблар, курдлар, оссурияликлар ҳаётини сақлаб қолди. Сиз ҳудуддаги Курдистон ишчилар партияси террорчиларига яна куч беришга уринмоқдасиз. Аммо буни уддалай олмадингиз", деб ёзди Қалин Twitter саҳифасида.

Макгерк давлат департаментида ИШИДга қарши курашда халқаро мувофиқлаштириш бўйича масъул бўлган. У АҚШ президенти Дональд Трамп Америка қўшинлари Суриядан олиб чиқилишини маълум қилганидан сўнг истеъфога чиққан.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид