Жаҳон | 21:33 / 22.01.2019
4550
2 дақиқада ўқилади

Давосда Жаҳон иқтисодий форуми ўз ишини бошлади

Фото: EPA

Швейцариянинг Давос шаҳрида Жаҳон иқтисодий форуми бошланди. Бу форум бутун дунёдаги сиёсий ва ишбилармон доираларнинг кўплаб вакилларини бир жойга тўплайди.

Қайд этиш жоизки, БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари (АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия) 49-форумда мамлакат раҳбарлари ва бош вазирлари даражасида тақдим қилинмаган.

Жорий саммит иқлим ўзгариши, Яман ва Суриядаги инқирозлар, популизмнинг ўсиши, миграция муаммоси, ночорликка қарши кураш, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши жараёни, жаҳон иқтисодиёти ўсиши секинлашиши ва марказий банкларнинг келгусида бўлиши мумкин бўлган стагнацияга муносабатига бағишланади. 

АҚШ президенти Дональд Трамп шатдаун, Буюк Британия бош вазир Тереза Мэй эса брексит билан боғлиқ инқироз сабабли саммитда иштирок этмайди.

Европа ОАВнинг таъкидлашича, Франция президенти Эммануэль Макрон саммитда иштирок эта олмаслигини Францияда узоқ вақтдан бери тинчимаётган норозилик намойишлари билан асослаган. 

Саммитда дунё етакчиларидан Германия канцлери Ангела Меркель, Япония бош вазири Синдзо Абэ, Бельгия бош вазири Шарль Мишель ва Бразилия президенти Жаир Болсонару иштирок этиши кутилмоқда.

Давосдаги саммит 2,5 мингга яқин иштирокчини қабул қилади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид