Жамият | 13:33 / 24.01.2019
7945
5 дақиқада ўқилади

Фирибгарлик қилган шахсга суд ҳукми ўқилди

Бугун жамиятимизда шундай инсонлар пайдо бўлмоқдаки, фуқароларимизнинг ишончига кириб, уларни алдаб ўзларининг қабиҳ мақсадларини амалга оширмоқдалар. Лекин ҳар қандай қилмиш жазосиз қолмайди. Ана шундай фирибгарлардан бирига суд ҳукми ўқилди.

2018 йил 18 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судида раислик қилувчи судья Ф.Турахўжаев бошчилигида фуқаро И.Д.га нисбатан жиноят иши кўрилиб, ҳукм ўқилди.

И. Д. 2017 йил 27 декабрь куни ўзганинг мулкини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида, Р. Қ.га Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида қўрилаётган намунали уйлардан бирини олиб беришни ваъда қилиб, унинг ишончига киради. Дастлаб Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ тумани, Янгиобод кўчасида 6 000 АҚШ доллари, кейинчалик Мирзо Улуғбек тумани, Феруза массиви, 7-уй, 1-хонадонда 2 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб, ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий Банкининг 2017 йил 27 декабрдаги маълумотга кўра, 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 8.120 сўм 07 тийинни, 8.400 АҚШ доллари 68.208.588 сўмни ташкил этган. Шунингдек, И. Д. такроран, 2018 йил 20 февраль куни «Olx.uz» сайтига инвестиция бериш тўғрисида эълон бериб, мазкур эълон орқали фуқаро Ю. Ф. билан танишиб олади. Шундан сўнг фирибгар Қозоғистон Республикасидаги инвестор танишлари орқали унга инвестиция олиб кириб беришни ваъда қилиб, фақат бунинг учун олинадиган инвестиция пулининг 10 фоизини суғурта сифатида тўлаш лозимлигини айтади. 

Ф.Ю.дан 1 030 АҚШ доллари олиб, 72 соат ичида унинг «Webmoney»даги ҳисоб рақамига умумий миқдорда 65 000 АҚШ доллари келиб тушишини ваъда бериб, ўз ваъдасини бажармасдан Ф.Ю.дан олган 1 030 АҚШ долларини ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

Шундан сўнг И.Д. таниши Б.А. га уй олди-сотдиси билан шуғулланиб келаётганлигини айтади. Б.А. таниши Қ.Р. арзон ва сифатли таъмирланган уй харид қилиб олмоқчилигини ҳамда бу масалада ёрдам беришини илтимос қилади. Кейин Қ.Р. билан телефон орқали гаплашиб, унинг уйига боради ҳамда унга бир танишини уйи борлигини, таниши уйини сотмоқчи бўлганлигини айтади ва унга Миробод тумани, 8 март кўчасидаги уйларни бирини кўрсатади. Уй Қ.Р. га ёқмаганлиги сабаб Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ тумани, Янгиобод кўчасида намунали қурилаётган уйлардан бири сотилишини билиб, Қ.Р.ни ўша уйга олиб бориб кўрсатади. Уйнинг ички пол қисми битмаганлигини айтиб, Қ.Р.га бу уйнинг пол қисмини уни харид қилиб олган фуқаролар ўзи хоҳлаганидек қилдириб олиши мумкинлигини айтиб, уйнинг нархи жами 35 000 АҚШ доллари миқдорида эканлигини маълум қилади. 

Шундан сўнг агарда уй ёққан бўлса, пол қисмини таъмирлатишга бошланғич тўлов ва гаров сифатида сотилиб кетмаслиги учун 6 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни Қ.Р.дан олади. Қ.Р.нинг фуқаролик паспортини ҳам олиб, уйни унинг номига расмийлаштириш учун ҳужжатларни тўплашини айтади. Шундан сўнг Д.И. 2017 йил 27 декабрь куни Қ.Р.нинг уйига келиб, яна гаров сифатида 2 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулни олиб ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

Алданиб қолган фуқаролар фирибгар устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишади. Тез орада фирибгарликни одат қилган, ўзгаларнинг ишончига кириб, уларни алдаш йўли билан кун кўраётган бу шахсга нисбатан жиноят иши очилади.

Фирибгарликни ўзига касб қилган И.Д. Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисми «а,б» бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди ва унга шу моддага асосан ЖК 57-моддасини қўллаган ҳолда 5 (беш) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид