Жамият | 16:49 / 26.01.2019
2464
6 дақиқада ўқилади

«Ўзстандарт» «Ҳалол» белгиси бўйича маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштиришда Индонезия билан ҳамкорлик қилади

Дунёда “ҳалол туризми”, “ислом туризми” ёки “зиёрат туризми” кескин ривожланаётган айни вақтда “Ҳалол” стандартининг ўрни ҳам шу даражада ошмоқда. Бу белгини мамлакатимизда ривожлантириш учун Ўзбекистон Республикасининг Индонезиядаги элчихонаси билан биргаликда жорий йилнинг 18-21 январ кунлари Индонезияга “Ўзстандарт” агентлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро вилояти департаменти вакилларининг ташрифи амалга оширилди. 

Ташриф давомида делегация Индонезия Миллий стандартлаштириш ташкилоти (BSN), Индонезия Уламолар Кенгашининг Ҳалол сертификатлаштириш агентлиги, Дин ишлари вазирлиги қошидаги “Ҳалол” маҳсулотни кафолатлаш агентлиги вакиллари, ҳамда Ўзбекистоннинг Индонезиядаги туризм элчиси мақомини олган Гунадарма университетининг ректори Э.Маргианти билан бир қатор учрашувлар ўтказди.

Бўлиб ўтган музокаралар давомида мезбонларга мамлакатда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш, метрология, аккредитация ва халқаро ҳамкорлик соҳаларида олиб борилаётган ишлар, тизимдаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Шу билан бирга, икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқ, туризм, ва бошқа истиқболли имкониятлар тўғрисида тўхталиб ўтилди.

Индонезия Миллий стандартлаштириш ташкилотининг бош директори доктор Бамбанг Прасетйа “ҳозирги кунда Ўзбекистон, Индонезия учун анъанавий бозор эмас, бироқ келажакда бизнинг ишбилармонлар учун бу давлат бозори истиқболга эга бозордир. "Ўзстандарт" агентлиги билан Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO)да стандартларни ишлаб чиқиш масалаларида ҳамкорлик олиб бормоқдамиз. Зиёрат туризми соҳасида “Ҳалол” стандартини жорий этиш кўплаб индонезияликлар учун қулайлик яратади. Ўзбекистон биз учун Индонезияни Марказий Осиё билан боғловчи ўзига хос кўприк бўлади”, дея таъкидлаб ўтди.

Тадбир давомида икки давлат ўртасида экспортни ривожлантириш, савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш, метрология, стандартлаштириш ва аккредитация соҳаларида тизимли алоқаларни ўрнатиш мақсадида "Ўзстандарт" агентлиги ва Индонезия стандартлаштириш ташкилоти экспертлари ўртасида келишув битими ҳамда ҳамкорлик дастури лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Индонезия Уламолар Кенгашининг Ҳалол сертификатлаштириш агентлиги раиси доктор Луқмон Ҳаким билан бўлиб ўтган учрашувда, Ўзбекистонда SMIIC ташкилоти стандартлари талаблари асосида ишлаб чиқилган “Ҳалол” стандартлари ва бу соҳада республикамизда олиб борилаётган ишлар, ҳалол озиқ-овқат, ҳалол туризм, ҳалол тиббиёт каби соҳаларни замонавий технологиялар ёрдамида асл қиёфасини йўқотмаган ҳолда ривожлантириш, ушбу соҳадаги масъул ходимлар учун стандартлар ва сертификатлаштириш талаблари бўйича ўқув курсларини ташкил этиш, юқори тажрибага эга бўлиш кун мавзусига айланди.

Ушбу агентликка Ўзбекистонда, хусусан, Бухоро вилоятида мусулмон сайёҳлар учун яратилган қулайликлар ва зиёрат туризм соҳасини ривожлантиришда қилиниши лозим бўлган ишлар, шу жумладан, Бухоро вилоятида Индонезия Ҳалол сертификатлаштириш агентлиги билан биргаликда “Умра+” дастури орқали юртимизга ташриф буюрувчи зиёратчиларга ҳалол туристик хизматларни сертификатлаштириш ишларини йўлга қўйиш, Бухоро синов ва сертификатлаштириш маркази қошида қўшма сертификатлаштириш идораси ҳамда синов мажмуасини ташкил этиш, ушбу соҳада ходимлар малакасини ошириш масаласи муҳокама этилди.

Индонезия давлати билан халқаро стандартлар ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида икки томонлама алоқалар ўрнатиш мақсадида Богор шаҳрида жойлашган Индонезия Уламолар Кенгаши ҳузуридаги туризм ва хизматларни сертификатлаштириш идораси, Индонезия Республикасининг Дин ишлари бўйича вазирлиги ҳузуридаги Ҳалол маҳсулотларни сертификатлаштириш агентлиги вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Музокаралар давомида Индонезия Республикасига ҳалол стандартлар ва сертификатлаштириш ишларида олиб борилаётган янги ислоҳотлар, сертификатлаштириш идоралари ва синов лабораториялари фаолияти билан танишилди.

Синов лабораториялари мустақил ва шу билан бирга бошқа миллий аккредитациядан ўтган лабораториялар билан ҳам алоқа қилиши айтиб ўтилди. Синов лабораторияси ISO 17025, сертификатлаштириш идораси SNI ISO/IEC 17065 стандартлари талаби асосида аккредитациядан ўтказилган. Аккредитация ишлари Индонезия Миллий Стандартлаштириш ташкилоти (BSN) ҳузуридаги Миллий Аккредитация идораси (KAN) томонидан олиб борилади.

Ҳалол синов лабораторияси ишларида керак бўлган ускуналар рўйхати шакллантирилди. “Ўзстандарт” агентлиги томонидан Ҳалол синов лабораторияси учун шакллантирилган ускуналар рўйхатида тўла ўхшашлик кузатилди. Сертификат ишларини расмийлаштириш жараёнлари ўрганилди. Индонезия Уламолар кенгаши ҳузуридаги Озиқ овқат, дори воситалари ва косметика маҳсулотларини баҳолаш институти томонидан 2018 йилда ҳалол стандартлари талаблари асосида сертификатлаштирилган корхоналар рўйхати олинди. Кенгаш ҳузуридаги синов мажмуаси ўз ишини 6 январ 1989 йилда бошлаган. Институт томонидан олинган маълумотга кўра 2018 йилда 11249 корхона Ҳалол сертификатига эга бўлган.  

Фото: Ўзбекистон Республикасининг Индонезиядаги элчихонаси

Ўзбекистонда ҳам ушбу соҳада олиб борилаётган ишлар, айниқса Бухоро вилоятида Индонезия ва Малайзия давлатларидан кўп сайёҳлар келишаётганлигини инобатга олиб, вилоятдаги 10 та меҳмонхоналарни MS 2610 Ҳалол стандарти "Muslim friendly" асосида сертификатлаштириш, Ўзбекистонда қўшма синов лабораторияси ва сертификатлаштириш идорасини очиш таклиф берилди. Ҳалол инфратузилмани ривожлантириш, ходимлар малакасини ошириш, аудитларда иштирок этиш, Индонезия томонидан малакали экспертлар ажратилишига, online webinar семинарлар ташкил этишга келишиб олинди.   

Фото: Ўзбекистон Республикасининг Индонезиядаги элчихонаси
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид