17:49 / 27.01.2019
5476

АҚШ иқтисодиёти шатдаун сабабли 6 млрд доллар йўқотганлиги маълум қилинди

Фото: REUTERS/Al Drago

АҚШ иқтисодиёти шатдаун сабабли камида 6 млрд доллар йўқотди, деб хабар берди Reuters S&P Global Ratings маълумотига таяниб.

Январь ойи бошида Оқ уй иқтисодий маслаҳатлашувлар кенгаши шатдаун оқибатида мамлакат ЯИМ биринчи чоракда 0,1%га пасайишини билдирганди.

Шатдаун — АҚШ федерал ҳукумати ишининг вақтинча тўхтатилиши 22 декабрдан буён давом этаётганди. Бунга демократлар ва республикачиларнинг Мексика билан чегарада девор қурилиши сабабли бюджет борасида келиша олмаганликлари сабаб бўлди.

Республикачилар бу мақсад учун 5 млрд доллардан ортиқ маблағ ажратилишини қўллаб-қувватлаётган бўлса, демократлар 1,3 млрд долларга рози бўлишмоқда.

26 январь куни АҚШ президенти Дональд Трамп конгресс томонидан қабул қилинган, қатор идораларнинг 15 февралгача вақтинчалик бюджетини имзолади.  

Тахминларга кўра, келгуси уч ҳафта давомида узоқ муддатли бюджет бўйича музокаралар бўлиб ўтади.

Аввалроқ, АҚШ сенати шатдаунни 35 кунлик муддатга тўхтатиб қўйиш учун мўлжалланган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади.

Қонун лойиҳаси бугунги кунда бюджетсиз қолган вазирлик ва идораларни молиялаштиришга мўлжалланган.

Top