Жаҳон | 19:37 / 27.01.2019
6560
2 дақиқада ўқилади

Бразилияда тўғон ўпирилишидаги қутқарув ишлари бошқа тўғон ўпирилиши хавфи сабабли тўхтатилди

Фото: AP Photo / Leo Correa

Бразилияда Брумадинью муниципалитетида Vale компанияси учта тўғонининг ўпирилишидан кейин бедарак йўқолганларни қидириш ишлари бошқа тўғон ўпирилиши хавфи сабабли вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда Globo портали маълум қилди.   

Аввалроқ фавқулодда вазият жойида ишлаётган қутқарув жамоаси тўхтамаётган ёмғирлар сабабли бошқа бир тўғонда дарз пайдо бўлгани туфайли унинг муқаррар ўпирилишини маълум қилган. 

Таъкидланишича, айни вақтда қутқарувчилар маҳаллий аҳолини эвакуация қилмоқда. Умумий ҳисобда 24 минг кишини эвакуация қилиш керак.  

Vаle компанияси 27 январда маҳаллий вақт билан соат 05:30 да Коррегу-ду-Фейжан конида 6-тўғондаги назорат қурилмалари сув сатҳи ошганини кўрсатгандан кейин фавқулодда огоҳлантириш тизими ишга тушганини маълум қилган.   

Минас-Жерайс штатида тўғоннинг ўпирилиши 25 январь эрталаб юз берган. Бунинг оқибатида лой оқимлари Vаle компаниясининг маъмурий бинолари ва одамлар уйига ёпирилган. Бунда фавқулодда огоҳлантириш тизимлари ишламаган. Охирги маълумотларга кўра, фожиа оқибатида 37 киши ҳалок бўлган, 250 дан ортиқроқ киши бедарак йўқолган. Аввалроқ 40 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган. Қутқарув ишлари бир неча ҳафта давом этиши мумкин.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид