Жаҳон | 09:15 / 27.01.2019
11550
3 дақиқада ўқилади

NYT: Трамп ва унинг ёрдамчилари инаугурациягача россияликлар билан 100 дан кўпроқ марта алоқа қилишган

Фото: AFP/Getty Images

АҚШ президенти Дональд Трамп ва унинг ёрдамчилари АҚШдаги 2016 йилги президент кампанияси вақтида россияликлар, жумладан Россия ҳукумати билан алоқадор кишилар билан 100 дан кўпроқ марта алоқа қилишган. Бундай тасдиқ билан The New York Times нашри чиққан. Нашр бунда манбалар, конгрессдаги жараёнлар материаллари ва АҚШ суд базаларидан олинган маълумотга иқтибос келтирган.  

Маълум қилинишича, Трампнинг 2017 йил январдаги инаугурациясигача АҚШ президентининг камида 17 ёрдамчиси ва маслаҳатчиси россиялик расмий ва норасмий шахслар, уларнинг воситачилари ва Вашингтонда Москва билан ҳамкорликда айбланувчи WikiLeaks ташкилоти билан алоқа қилган. Трампнинг яна камида 10 ёрдамчиси бундай алоқалардан хабардор бўлган, бироқ уларда иштирок этмаган. Гап шахсий учрашувлар, қўнғироқлар, электрон мактублар ва матнли хабарлар ҳақида бормоқда. Нашрнинг эслатишича, аввалроқ Трамп ўзи ва ёрдамчилари сайловолди кампанияси вақтида россиялик шахслар билан алоқа қилмаганини бир неча марта таъкидлаган.

Нашр ҳисоб-китобига кўра, Трамп АҚШ Республикачилар партиясининг 2016 йил июлдаги қурултойигача россияликлар билан камида 6 марта алоқага чиққан. Трамп шу давр ичида Crocus Group компанияси президенти Арас Агаларовдан мактуб олган ҳамда Москвада осмонўпар бино қуриш лойиҳаси бўйича Россия бизнеси вакиллари билан музокаралар олиб борган. 

Трампнинг ўртанча ўғли Кичик Дональд Трамп эса сайлов кампанияси вақтида Россия вакиллари ва уларнинг воситачилари билан камида 17 марта, куёви Жаред Кушнер 6 марта алоқа қилган. Уларнинг иккови ҳам россиялик ҳуқуқшунос Наталья Весельницкая иштирок этган Нью-Йоркдаги учрашувда иштирок этган. Нашрнинг таъкидлашича, шунингдек, Кушнер 2016 йилда Россиянинг ўшандаги АҚШдаги элчиси Сергей Кисляк билан учрашган ҳамда Трамп жамоаси ва Россия ўртасида канални йўлга қўйиш имкониятини муҳокама қилган. 

Нашр сайловолди кампанияси вақтида россияликлар билан энг кўп алоқага Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Рожер Стоун чиққанини ҳисоблаб чиққан. Нашр тахминига кўра, Стоун россияликлар ва WikiLeaks билан камида 18 марта боғланган. Таъкидлаб ўтиш жоизки, Стоун 25 январда ҳибсга олинди ва унга 7 банд, жумладан сохта кўрсатмалар бериш ва гувоҳларга босим ўтказиш бўйича айбловлар қўйилган. У кейинроқ 250 минг доллар гаров пули эвазига озодликка чиқарилди.

АҚШ махсус хизматлари Россияни АҚШдаги сайлов жараёнига аралашувда айблаб келмоқда. Бу ҳолатнинг тергови билан бир йилдан кўпроқ вақтдан бери махсус прокурор Роберт Мюллер шуғулланиб келмоқда.

Мавзуга оид