Спорт | 14:25 / 30.01.2019
14091
2 дақиқада ўқилади

Хитой боксчилари Андижон бокс мактаби ва чемпионлар Ҳасанбой Дўсматов, Иқболжон Холдоровдан дарс олишмоқда

Маълумки, кўп йиллардан бери Андижон бокс мактаби тарбияланувчилари Осиё, жаҳон миқёсидаги мусобақаларда юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.  

Шу кунларда Андижон ихтисослашган олимпия захиралари мактаб-интернатида Хитой давлатидан келган боксчилар малака оширмоқда. Уч мураббий, 14 нафар эркак ва 4 нафар аёл боксчилардан ташкил топган Хитой делегацияси таркибида мамлакат чемпионлари ҳамда совриндорлари бор.

Мактаб-интернат манежидаги амалий маҳорат дарсларида муассаса мураббийлари ва тарбияланувчилари Рио олимпия ўйинлари олтин медали соҳиби, олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўсматов, Осиё ўйинлари олтин медал соҳиби, Осиё чемпион Иқболжон Холдоров ва халқаро тоифадаги спорт устаси, WBC камари мутлақ ғолиби Азизбек Абдуғофуровлар иштирок этишди.      

Шундан сўнг, чемпионларимиз билан “Ўзбекистон боксининг довруғи” мавзусида Хитой Халқ Республикаси спортчилари ўртасида давра суҳбати ташкил этилди. Хориждан ташриф буюрган спортчилар чемпион ўғлонларимиздан ўзбек бокси ҳақида атрофлича маълумотларга эга бўлишди. 

Тадбирда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов иштирок этиб вилоят спорти, жумладан бокс спорт турига бўлаётган эътибор ҳақида маълумотлар бериб, хориждан келган мураббийларга эсдалик совғалари топширди. 

Элмурод Эрматов, Андижон
KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид