Жаҳон | 18:50 / 03.02.2019
18636
1 дақиқада ўқилади

Кабо-Вердеда россиялик денгизчилар ҳибсга олинди

Фото: YAY/ТАСС

Кабо-Вердеда январь ойи охирида қўлга олинган 11 нафар россиялик денгизчи устидан суд жараёни бўлиб ўтди.

Россиянинг ушбу давлатдаги элчихонаси маълумот беришича, суд 9,5 тонна миқдоридаги кокаин контрабандасида гумон қилинган денгизчиларни ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарган.

«Суд ўтказилди. Судья қўлга олинганларни қамоқда қолдириш ҳақида ҳукм чиқарди», дейилган Россиянинг Кабо-Вердедаги дипломатик миссияси вакили берган хабарда.

Унинг сўзларига кўра, россиялик денгизчилар Кабо-Верде пойтахтидаги Праи шаҳридаги қамоқхонада сақланмоқда.

Денгизчилар 31 январь куни Прай портида, Панама байроғи илинган «Eser» кемасида қўлга олинган. Кема Жанубий Америкадан Марокашга сузаётганди, аммо у денгизчилардан бирининг вафоти туфайли Кабо-Вердеда тўхтаганди.

Бортда ўтказилган текширув вақтида полиция кемада катта миқдордаги наркотик моддалар олиб кетилаётганини аниқлаганди.

Reuters агентлиги маълумотига кўра, мусодара қилинган наркотиклар мамлакат тарихидаги энг йирик партия бўлди.