Жаҳон чемпионатининг иккинчи тури экваторга етиб келди: 21 ва 22 июн кунги баҳсларда Миср Янги Зеландия устидан иродали ғалабага эришди (3:1), Кабо-Верде жамоаси эса яна бир сенсация кўрсатиб, Уругвайдан ҳам очко тортиб олди (2:2), Испания Саудия Арабистонини йирик ҳисобда тор-мор этди (4:0), Белгия эса Эрон дарвозасига йўл тополмади (0:0).

Майдон ташқарисида ҳам шов-шувли воқеалар давом этмоқда. Парагвай миллий жамоаси сафида соат «ўғриси» аниқланди, испанлар ҳужумчиси Ферран Торреснинг кутилмаган танқидчиси пайдо бўлди.

Испанлар ўзига келмоқда

Испания – Саудия Арабистони 4:0
Голлар: Ямал, 10 (1:0). Ойярсабал, 21 (2:0). Ойярсабал, 24 (3:0). Ал-Тумбуктий, 49 – автогол (4:0)
Испания: Симон, Ляпорт, Кубарси, Кукуреля, Порро, Родри, Педри (Руис, 70), Олмо (Мерино, 61), Баэна (Уилямс, 61), Ямал (Торрес, 46), Ойярсабал (Пино, 46)
Саудия Арабистони: Ал-Увайс, Лажамий, Ал-Амрий (Абулшамат, 60), Ал-Тумбуктий, Ал-Арбий, Абдулҳамид, Н. Ад-Довсарий (Ал-Ғаннам, 90), Ал-Ҳайбарий (Канно, 46), С. Ад-Довсарий, Аж-Жувайр (Ал-Ҳамдон, 46), Ал-Бурайкан (Ҳожи, 60)
Огоҳлантиришлар: С. Ад-Довсарий, 30. Канно, 60

Испания миллий жамоаси турнир стартида Кабо-Вердедан келган дебютантлар билан дуранг ўйнаб (0:0), жиддий муваффақиятсизликка учраганди. Луис де ла Фуэнте шогирдлари 90 дақиқа давомида 40 ёшли дарвозабон Возиня дарвозасини ишғол этишнинг уддасидан чиқолмаганди.

Бу бетараф мухлислар учун чиройли тарихга айланди, аммо испанлар жамоаси мухлислари буни шармандалик деб баҳолаб, футболчиларни қаттиқ танқид остига олишди. Натижада футболчилар бор аламини Саудия Арабистонидан олиш учун майдонга тушишди ва ўйин тақдири биринчи бўлимдаёқ ҳал қилинди.

29 ёшли Микел Ойярсабал қисқа вақт ичида 2 гол ва 1 ассист муаллифига айланди ва 45 дақиқа ўйнаганига қарамай, ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди. Бундан ташқари, жароҳатидан тузалиб, сафга қайтган Ламин Ямал ҳам ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди. 18 ёшли испаниялик учун бу жаҳон чемпионатларидаги биринчи гол бўлди. Энди у турнир тарихидаги энг ёш тўпурарлар рўйхатида Мессини (аргентиналик форвард 2006 йил серблар дарвозасига гол урганида ундан 15 кунга каттароқ бўлган) ортда қолдириб, саккизинчи ўринга жойлашди.

«Барчаси биз хоҳлагандек бўлди: учта гол устунлиги менга дам олиш имконини берди – идеал. Мен ҳар доим жаҳон чемпионатида қатнашишни орзу қилганман ва стартда тушган биринчи ўйинингдаёқ гол уриш – бу орзунинг ушалиши. Олдинги турнирни мактаб ўқувчиси сифатида томоша қилгандим, энди эса бу ерда, онам ва оилам трибуналарда бўлганида гол уряпман. Бу орзунинг ушалиши», – деган Ямал ФИФА сайти учун берган интервюсида.