G, H ва I гуруҳларида сўнгги тур шиддатли учрашувларга бой бўлди.

Жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичи якунига етиб бормоқда. 26 июн куни кечқурун ва 27 июн куни тонгда G, H ва I гуруҳларида учинчи тур ўйинлари бўлиб ўтди. Испания Уругвай устидан ғалаба қозонди (1:0), Кабо-Верде Саудия Арабистони билан дуранг ўйнаб (0:0), плей-оффга чиқди, Белгия Янги Зеландияга раҳм қилмади (5:1), Эрон Миср билан ўйинда очколарни тенг бўлиб олди (1:1) ва бошқа ўйинларнинг натижаларини кутадиган бўлди.

Майдон ташқарисида ҳам қизиқарли воқеалар бўлиб ўтмоқда: Уругвай футболчилари ва бош мураббий Марсело Биелса ўртасида можаро чиққан, Швеция вингери Эланга эса турнир қоидаларини тушунмай, японлар билан ўйиндан кейин йиғлаган.

Уругвай можаро билан турнирни тарк этди

Уругвай – Испания 0:1
Гол: Баэна, 42 (0:1)
Уругвай: Муслера (Рочет, 46), Касерес, Оливера, Санабрия (Родригес, 70), Варела, Угарте (Де ла Крус, 45), Бентанкур, Валверде (Виняс, 57), Араухо, Каноббио, Нунес
Испания: Симон, Ляпорт, Кубарси, Кукуреля, Лиоренте, Родри, Педри (Руис, 60), Мерино (Олмо, 60), Баэна (Пино, 66), Ямал (Торрес, 76), Ойярсабал (Уилямс, 76)
Огоҳлантиришлар: Санабрия, 54. Варела, 58. Де ла Крус, 90– Баэна, 46
Четлатиш: Каноббио, 90

Н гуруҳида сўнгги тур олдидан барча аъзоларда плей-оффга чиқиш имкони сақланиб турганди. Шу жумладан, Уругвайда ҳам – Биелса шогирдлари икки турда 2 очко жамғарган ва турнирдаги иштирокини давом эттириш учун Испанияни енгиш талаб этиларди.

Бу осон вазифа эмасди, аммо биринчи бўлимнинг катта қисмида жанубий америкаликлар кучли рақибга муносиб қаршилик кўрсатишди ва ҳисобни очиш учун бир неча имкониятларга эга бўлишди. Аммо бўлим охирларида гол ўтказиб юборилди. Бу гол учун айбни тўлиқ Фернандо Муслера ўз зиммасига олиши мумкин – 40 ёшли дарвозабон у қадар кучли бўлмаган ва ўзига келган тўпни ўтказиб юборди. Бу унинг учун чемпионатда учинчи марта қовун тушириши бўлди – Саудия ва Кабо-Верде билан ўйинларда ҳам унинг хатолари икки голга сабабчи бўлганди.

Танаффусда Биелса дарвозабонни ҳам алмаштирди ва унинг ўрнига Серхио Рочетни туширди – мураббийнинг сўзларига кўра, Муслеранинг ўзи шуни сўраган.