19:16 / 04.02.2019
9223

Чегара божхона постида навбатда турган транспорт воситалари сонини интернет орқали билиш мумкин бўлди

Чегара-божхона постларида чиқиш йўналишида навбатда турган енгил ва юк автотранспорт воситалари ва автобуслар сони тўғрисидаги маълумотларни Давлат божхона қўмитаси веб-сайтидаги онлайн таблодан билиш имконияти жорий қилинди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар берди.

“Бунинг учун Давлат божхона қўмитаси расмий веб-сайтининг (www.bojxona.uz ёки www.customs.uz) “Жисмоний шахслар учун” бўлимидаги “Чегара божхона постларида навбатда турган автотранспорт воситалари сони тўғрисидаги маълумот” саҳифасига кирсангиз кифоя”, дейилади хабарда.

Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси катта инспектори Акмал Эшоновнинг айтишича, мазкур табло Давлат божхона қўмитасининг “Авто” ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграциялаштирилган бўлиб, ундаги маълумотлар ҳар 6 соатда автоматик равишда янгиланади. Бундан ташқари, мазкур табло орқали чегара божхона постларида бир сутка давомида республикамизга кирган ёки чиққан автотранспорт воситалари сони тўғрисидаги маълумотларни ҳам кўриш мумкин.

Бу чегара божхона постларида енгил ва юк автотранспорт воситалари тирбандликларнинг олдини олиш билан бир қаторда ташувчиларга навбатда турган автотранспорт воситалари сонидан келиб чиқиб ҳаракатланиш йўналишларини ўзгартиришларида ҳам ёрдам беради.

Top