Жамият | 20:20 / 04.02.2019
18257
2 дақиқада ўқилади

«Мураккаб вазиятдан чиқишга ирода топилмаса». Самарқанд вилояти ҳокими маиший муаммоларга муносабат билдирди

Инсон ўз-ўзидан ичкиликка берилмайди, ҳаётдаги қайсидир мураккаб вазиятдан чиқишга ирода тополмагач, шу йўлга ўтади, деб ҳисоблайди Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов. 

Zarnews хабарига кўра, сенатор Турдимов маиший муаммолар ҳақида мулоҳазасини билдириб, оилавий ажримларга тўхталган. 

«Оиладаги ажрим ҳам тасодифан руй бермайди, эътиборсизлик ёки аксинча ортиқча аралашиш туфайли юз беради. Кам таъминланганлик ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Маҳалла оқсоқоли ўз фаолияти давомида ана шу ҳолатларни билиб бориши, уларнинг олдини олиш чораларини кўриши лозим. Оқсоқол ўз ҳудудидаги фуқаролар ижтимоий аҳволи учун жавобгар инсон. У ҳар бир муаммо хусусида тегишли раҳбарларга талабнома, таклиф бериб, ижросини назорат қилишга мажбур. Агар у  одамлар билан дилдан суҳбатлашиб, уларни томорқадан унумли фойдаланишга, тадбиркорликка даъват этса, буни тушунтира олса, ўша хонадонда бекорчи бўлмайди, меҳнат интизоми шаклланади, рўзғор бут бўлади. Демак, ўша оилада ижтимоий муҳит яхшиланади», — дея Турдимов сўзларини келтирган нашр. 

Самарқанд вилоят ҳокимининг таъкидлашича, «оқсоқолда катта қалб, билим, одамларга меҳр, жонкуярлик, давр, жамият, ҳаёт ҳақида пухта таҳлил бўлмоғи зарур».

«Оила» илмий амалий-тадқиқот маркази томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, , ажралиш ҳолатлари кўп бўлган вилоятларда ажралиш сабаблари ўрганилганда, оиладаги доимий жанжал ва можаролар, эр-хотин ўртасида бир-бирини тушуниш ва тотувликнинг йўқлиги (22,5 фоиз) асосий сабаблар сифатида кўрсатилди. 

Марказ маълумотида ёзилишича, ажралишнинг сабабларидан яна бири алкоголизм (11,0 фоиз фоиз) ҳам эканлиги аниқланди. Спиртли ичимликларни ичишга алкоголизмга асосан эркаклар мойил бўладилар. Оила бошлиғи бўлган эркакларда ирода, сабр-тоқат ва мардлик каби шахсий етуклик сифатлари тарбияланмаганлигидан алкоголизмга мойилликлари орта боради.

Мавзуга оид