Ўзбекистон | 20:27 / 05.02.2019
10415
3 дақиқада ўқилади

Алишер Султонов Халқаро атом энергетикаси агентлиги вакиллари билан учрашди

5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов Халқаро атом энергетикаси агентлиги (ХАЭА - МАГАТЭ) делегацияси аъзолари билан учрашди. «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.

Учрашувда атом энергетикаси фаолиятининг йўлга қўйилиши нафақат энергетика ривожи, балки фан, кадрларни тайёрлаш каби соҳаларнинг жадал ривожланишига сабаб бўлиши, мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, қурилиш йўналишларидаги имконияти бир неча бараварга  ошиши таъкидланди.

Шунингдек Ўзбекистонда кадрларни тайёрлаш масаласига катта эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Бугунги кунда ўзбекистонлик 58 талаба “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядровий университетида таълим олмоқда. Тошкентда мазкур университетнинг филиалини ташкил қилишга доир ишлар олиб борилмоқда, бу ерда Ўзбекистоннинг ядро энергетикаси соҳаси учун кадрлар тайёрланади.

АЭСни барпо этишга оид кенг кўламли ишлар доирасида ХАЭА билан ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилди. Халқаро агентлик билан ҳамкорликда ўтказилаётган семинар ҳам шу йўналишда олиб борилаётган муҳим ишлардан биридир.

ХАЭА делегацияси номидан сўзга чиққан Жентковски учрашув учун миннатдорлик билдириб, тинч атомдан фойдаланувчи мамлакатлар қаторига кираётган Ўзбекистон ўз олдига қўйган вазифалари билан ҳайратга солаётганини таъкидлади.

“Ядро энергетикасини ривожлантириш катта ресурсларни, жумладан, инвестицияларни талаб қилувчи лойиҳа ҳисобланади. АЭС қурилиши ишлари мураккаб бўлса-да, сиз уларни қисқа муддатда бажаришга тайёр эканлигингиз қувонарли. Биз эса, ўз навбатида, сизни тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрмиз, бундай ҳамкорлик лойиҳанинг барча хавфсизлик талабларига мувофиқ келишига ёрдам беради”, - деди ХАЭА ядровий қурилмалар хавфсизлиги бўлими директори Г.Жентковски.

Жентковскининг сўзларига кўра, ХАЭА делегацияси аъзолари Ўзбекистонга ташрифи доирасида мамлакатда АЭС қурилиши лойиҳасининг амалга оширилишида хавфсизлик устувор вазифа эканига ишонч ҳосил қилишган.

"Ўз зиммангизга ХАЭА талабларига мувофиқ бўлиш мажбуриятини олаётганлигингиз жуда муҳим. Биз ушбу стандартларни мамлакатингизда оммалаштиришга доир барча чораларни кўрамиз. Лойиҳангиз самарали ва хавфсиз бўлиши тарафдоримиз", - қўшимча қилди у.

Таъкидлаш жоизки, АЭХА делегацияси Ўзбекистонга “Ўзатом” агентлиги ва мамлакатнинг биринчи атом электр станцияси (АЭС) қурилишига алоқадор бошқа ташкилотлар мутахассислари иштирокида семинар ўтказиш доирасида ташриф буюрган.

2019 йилда Ўзбекистон ва ХАЭА ҳамкорлигининг 25 йиллиги нишонланади. Бугунга келиб ушбу ҳамкорлик алоқалари мамлакатда биринчи атом электр станцияси қурилиши муносабати билан янги босқичга кўтарилмоқда.

Бундан аввал Kun.uz'да Ўзбекистонда АЭС қурилиши учун салоҳиятли майдонлар ҳамда улардаги тадқиқот ишлари натижалари ҳақидаги маълумотлар тақдим этилган эди.

Мавзуга оид