Навоий шаҳрида халқаро конференция бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 4-6 февраль кунлари Навоий шаҳридаги «Ёшлар маркази»да Навоий вилоят ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Навоий давлат педагогика институти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамкорлигида «Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусида III халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Ушбу халқаро конференция Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан уч йилдан буён анъанавий тарзда ўтказилиб келинмоқда.
Бу йилги конференцияга иштирок этувчи дунёнинг етук навоийшунос олимлари сони янада кенгайгани унинг нуфузи йилдан-йилга ошиб бораётганидан далолат беради. Буни бу йилги конференцияга ўнлаб мамлакатлардан таниқли олимлар иштирок этаётгани ҳам исботлайди.
5 февраль куни эрта тонгда Венгерия, Ҳиндистон, Россия, Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон, Эрон, Тожикистон ва бошқа бир қатор давлатлардан ташриф буюрган навоийшунос олимлар ҳамда республикамизнинг барча ҳудудларидан таклиф этилган таниқли академиклар, профессор олимлар, ижодкор зиёлилар, маънавият соҳаси фидоийлари, тарғиботчилар, фаоллар, нуронийлар, ўқувчи-ёшлар дастлаб вилоят марказидаги Алишер Навоий номи билан аталувчи истироҳат боғида қад ростлаган шоир ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, улуғ мутафаккирга алоҳида эҳтиром кўрсатдилар.
Жорий йилдан эътиборан Навоий вилоятида Республикамизда илк бор миллатимиз фахри бўлмиш улуғ шоирга чексиз эҳтиром рамзи сифатида Алишер Навоий жамғармаси ташкил этилди.
Бундан кўзланган асосий мақсад эса, алломанинг бой маданий меросини янада чуқурроқ ўрганиш ва кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб этиш, Навоийнинг дурдона асарларини келгуси авлодларга етказишга қаратилган.
Нафақат ўзбек миллати, балки барча туркий халқлар, ҳатто жаҳон адабиётининг муаззам сиймоларидан бири бўлган шоир номи билан аталадиган шаҳарни жаҳон навоийшунослигининг илмий марказига айлантириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, президентнинг алоҳида эътибори билан вилоятда Фанлар Академияси, Алишер Навоий номидаги давлат университети олимларини жалб қилган ҳолда, аллома ҳокидан тупроқ олиб келиб, Навоий шаҳрида зиёратгоҳ ташкил этиш бўйича хайрли ишлар олиб борилмоқда.
Навоий шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали ёнида унинг музейини ташкил қилиш ва улуғ аллома достонлари қаҳрамонлари боғини яратиш борасида ҳам эзгу саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган.
Навоий шаҳридаги «Ёшлар маркази»да бошланган халқаро конференция ялпи мажлисини Навоий вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Қ.Турсунов кириш сўзи билан очиб, буюк мутафаккир ҳаёти ва ижоди, бебаҳо мероси, аллома асарларининг инсоният тамаддунидаги аҳамияти хусусида сўз юритиб, барчани қутлуғ байрам билан табриклади.
Халқаро конференцияда сўзга чиққанлар томонидан ҳозирги глобаллашув даврида миллий ўзликни англаш, аждодларимиз яратган бетакрор илмий-ижодий меросни чуқур ўрганиш, уни халқимиз, айниқса, ёшлар онгига сингдириш муҳим аҳамиятга молик эканлиги таъкидланди.
Халкаро конференция доирасида вилоятда ёшлар ўртасида ўтказилган ёш навоийшунослар кўрик-танлови ғолиби Кармана туманидаги 28-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Комила Ҳамроевага вилоят хокими Қ.Турсунов томонидан Президент совғаси – «Спарк» автомобили топширилди.
Куннинг иккинчи ярмида халқаро конференция иштирокчилари шўъбаларга бўлиниб, конференция мавзуси доирасида таклиф ва мулоҳазаларини жамладилар.
Биринчи шўъба йиғилишида «Навоий ижодиётининг ахлоқий-маънавий ва ирфоний қатламлари», иккинчи шўъба йиғилишида «Навоий ижодининг хорижда ўрганилиши ва тарғиби», учинчи шўъба йиғилишида «Навоий ва тилшунослиги масалалари» ҳамда тўртинчи шўъба йиғилишида «Навоий ижоди: тарих, фалсафа, санъат», бешинчи шўъба йиғилишида «Навоий ижодиётининг ўзбек халқ оғзаки ижоди ва замонавий адабиёт билан муносабати» ва олтинчи шўъба йиғилишида «Таълим муассасаларида Навоий ижодини ўрганиш ва ўргатиш муаммолари» мавзулари навоийшунос профессор олимлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди.
Халқаро конференция якунида иштирокчилар учун «Фарҳод» маданият саройида санъаткорлар томонидан концерт дастури намойиш этилди. Навоий ғазаллари асосида ижро этилган куй-қўшиқлар эса барчага бир олам қувонч бағишлади.
Навоий вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Мавзуга оид
15:42 / 30.10.2024
Маълумотлар “кафт устида” бўлса, тўғри қарор чиқариш эҳтимоли ортади – Тошкентда маълумотларни бошқариш мавзусида конференция бўлиб ўтди
12:29 / 03.10.2024
“Ресурслар тугайди, ғоялар эса йўқ” – креатив иқтисодиёт конференцияси давом этмоқда
17:34 / 04.09.2024
Ўндан ортиқ давлатнинг полиция олий ўқув юртлари раҳбарлари Тошкентда йиғилди – фото
10:27 / 24.05.2024