12:25 / 07.02.2019
22852

2018 йил якунига кўра жаҳоннинг энг бой клублари эълон қилинди

Фото: Getty Images

Футбол олами субъектларининг молиявий имкониятларини ўрганиш билан шуғулланувчи «Soccerex Football Finance Index 100» компанияси 2018 йил якунларига кўра жаҳоннинг энг бой юзта клуби рўйхатини эълон қилди.

Рейтингни тузишда асосан клубга тегишли футболчилар, инфраструктура, банк ҳисоб рақами, клуб хўжайинининг инвестицион потенциали ҳамда қарздорлигига оид молиявий рақамлар асос қилиб олинган.

Рўйхатни «Манчестер Сити» бошқармоқда. «Шаҳарликлар» умумий 1 миллиард евродан ошиқ қийматдаги футболчиларга, 471 млн еврога баҳоланган инфраструктурага, банк ҳисоб рақамида 21 млн евро маблағга эга деб топилган. Клуб раҳбарининг 647 млн евро инвестиция салоҳияти борлиги, клубнинг қарзи 80 млн еврони ташкил этиши қайд этилган.

Юқори учликни «ПСЖ» ва «Бавария» клублари якунлаб беради.

Дунёнинг энг бой клублари топ-20:
1. «Манчестер Сити»
2. «ПСЖ»
3. «Бавария»
4. «Тоттенҳем»
5. «Арсенал»
6. «Реал Мадрид»
7. «Барселона»
8. «Манчестер Юнайтед»
9. «Ювентус»
10. «Челси»
11. «Ливерпуль»
12. «Гуанчжоу Эвергранд»
13. «Атлетико»
14. «Байер»
15. «Боруссия» Дортмунд
16. «Лейпциг»
17. «Лион»
18. «Лос-Анжелес Гэлакси»
19. «Лестер»
20. «Валенсия»

Рейтингга киритилган юзта клуб умумий 22,8 млрд евро қийматдаги футболчиларга эгалик қилади. Бу клубларнинг инфратузилмаси ва банк ҳисоб рақамларидаги маблағи жами 11,1 млрд еврога тенг. Уларнинг соҳиблари 928 млрд миқдорида сармоя киритишга қурби етади. Юзта клубнинг жами қарзи 10 млрд евродан ошади.

Рўйхатдаги клубларга эгалик қилувчиларнинг 18 фоизи АҚШ фуқароларидир. Америкаликлар юқори ўттизликдаги 23 фоиз клубнинг соҳиби ҳисобланишади. Кейинги ўринда Хитой қайд этилган бўлиб, хитойлик ва америкалик сармоядорлар биргаликда жаҳоннинг энг бой юзта клубининг учдан бир қисмига эгалик қилади.

Шу билан бирга, энг бадавлат 30та клубдан 10таси Англияда жойлашган. Германия ва Испаниянинг тўрттадан; Италия, Франция ва АҚШнинг учтадан клуби юқори ўттизликка кирган. Хитой («Гуанчжоу Эвергранд»), Россия («Зенит») ва Украинанинг («Шахтёр») биттадан клублари топ-30дан жой олган.

Top