Спорт | 21:00
1701
12 дақиқада ўқилади

Мундиал юлдузлари. Рунига қиёсланаётган марокашлик тўпурар

Гуруҳ босқичидаги учта ўйинда ҳам биттадан гол урган ва плей-оффда Нидерландия дарвозасига ҳал қилувчи зарбани аниқ йўллаган Исмоил Сайбари турнир қаҳрамонларидан бирига айланди. Энди у янги мавсумни «Бавария»да бошлайди. Ҳолбуки у 2 ёшгача юра олмаган ва шундан кейин ҳам махсус бандажлар орқали ҳаракатланган, шифокорлар у яхши юриб кета олмаслиги мумкинлигини тахмин қилишганди.

Фото: Reuters

Бугун тунда нимчорак финал доирасидаги илк ўйинда турнир мезбонларидан бири Канада ҳимоячилари турнир кашфиётларидан бирини тўхтатиши талаб этилади. У Испанияда туғилган, футболчилик фаолиятини Белгияда бошлаган, кейин эса Нидерландия чемпионатига ўтиб, сўнгги икки мавсумда ПСВ сафида порлаган, энди эса жаҳон чемпионатида рақиб ҳимоячиларининг даҳшатли тушига айланмоқда. Исмоил Сайбари – Марокаш миллий жамоасининг янги юлдузи. У янги мавсумда голларини Мюнхеннинг «Бавария» клубида ура бошлайди.

Немислар клуби унинг трансферини жаҳон чемпионатидан олдинроқ ҳал қилиб қўйганди. Агар клуб отни вақтида қамчиламаганида қимматроқ тўлашига (ҳозирда ПСВ билан 55 млн еврога келишилган) тўғри келган бўларди. 

Мураббий топилмаси

Марокашлик форвард гуруҳ босқичида учта гол урди. Бразилия, Шотландия ва Ҳаитига биттадан. Унинг голларидан ҳар бирини – мини-шедевр дейиш мумкин.

Бразилия билан ўйинда Сайбари яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва тўпни Алисон устидан ошириб ташлади. Шотландия билан ўйинда – офсайд чизиғида ҳаракат қилган ҳолда идеал тарзда очилиб, жарима майдонига киришда тўпни қабул қилиб олди ва кучли зарбаси билан олис тўққизликни аниқ нишонга олди. Икки ҳолатда ҳам Сайбарига Браим Диас ассистентлик қилди. Испанияда туғилган бу футболчилар бир-бирини жуда яхши тушунишади (том маънода ҳам, футбол тили маъносида ҳам) ҳис қилишади. Марокаш учун кутилмаганда мураккаб кечган Ҳаитига қарши ўйинда (4:2) эса Исмоил биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Ашрафа Ҳакимининг қанотдан оширган пасини қабул қилди ва тўпни ерлатиб бурчакка йўллади, бу ҳолатда рақиб дарвозабони жойидан қимирлашга ҳам улгурмади.

Плей-оффнинг илк ўйинида ҳам у мунтазам равишда Нидерландия ҳимоячиларини таҳлика остида ушлаб турди, унинг ван Ҳекке билан дуэли бу турнирдаги энг қизғин қарама-қаршиликлардан бирига айланди (тўқнашувлардан бирида футболчининг қоши ҳам ёрилди), якунда эса пеналтилар сериясида айнан Сайбари сўнгги зарбани аниқ йўллаб, жамоасини кейинги босқичга олиб чиқди.

Ҳолбуки ушбу 25 ёшли футболчи фаолиятини марказий ҳужумчи сифатида бошламаган ва яқингача ҳужумкор яримҳимоячи ёки чап қанот вингери амплуасида ўйнаган. Фақат шу йил баҳорида Марокаш бош мураббийи этиб тайинланган Муҳаммад Ваҳбий Исмоилни у ҳали ҳеч қачон ўйнамаган позицияга жойлаштирди.

Бу қарор жамоанинг янгиланган динамик ўйин услубига Африка кубогида асосий ҳужумчи бўлган ва асосан бош билан гол уришга ихтисослашган Юсуф Ан-Носирийдан кўра жисмоний куч ва тезликни ўзида мужассамлаштирган Сайбарининг хусусиятлари кўпроқ мос келиши билан изоҳланади. Исмоил – бутунлай бошқа пландаги, кўп функцияли универсал футболчидир. У майдон бўйлаб аъло даражада ҳаракатланади, узоқ масофадан аниқ ва кучли зарба бера олади, дриблинги ҳам ёмон эмас ва гол сезиш қобилиятига эга. Моҳиятан, ҳозирги схемада Сайбари ҳужум найзасининг учи эмас, балки «алдамчи тўққизлик» ҳисобланади.

Сайбари 2026 йил январида Африка кубоги финалида Сенегалга қарши ўйинда
Фото: Youssef Loulidi/AP Photo/ТАСС

Шон-шуҳрат томон оғир йўл

Браимдан фарқли ўлароқ, Сайбари – испан футболи маҳсулоти эмас. Каталонияда муҳожирлар оиласида туғилган бўлса-да, у 6 ёшлигида оиласи билан Белгияга кўчиб ўтади ва у ерда бир неча клублар, жумладан, «Андерлеҳт» клуби академиясида тарбияланади. Лекин айнан шу клуб академиясида уни четлатишади ва бу ёш футболчини футбол ва машғулотларни ўзгартиришга ундайди. Сайбари касбига жиддий қарайди, аммо бир муаммодан ҳеч қутула олмайди. Бир сафар жамоа йиғилишига навбатдаги марта кечикканидан кейин ПСВ бош мураббийи Петер Боснинг сабр косаси тўлади ва у футболчини меҳмонхонада қолдириб, Чемпионлар лигасида «Арсенал»га қарши кечадиган ўйин қайдномасидан чиқариб ташлайди.

Ушбу воқеа футболчи учун сабоқ эди ва шундан кейин Бос Сайбарини фақат мақтайди. Шу билан бирга, Исмоил ўта одамшинаванда экани ва машғулотлардан кейин дам олиш ўрнига дўстларини кўришга ёки уларга ёрдам беришга боришни канда қилмаслигини қистириб ўтади. Ўз навбатида, тунги клублар ва зиёфатлар – унинг жойи эмас. Сайбари бу даражага катта қийинчиликлар билан етиб келгани учун ҳозирги ҳолатини қадрлайди. У фақат 2 ёшида юра бошлаган ва унга махсус бандажлар тақиб қўйишган, чунки оёқ кафтлари ичкарига қаттиқ буралган эди. Шифокорлар ҳатто у келгусида нормал юра олмаслиги мумкинлигини тахмин қилишганди. 14 ёшида эса – организмнинг ўзига хослиги туфайли – ортиқча вазн муаммоси пайдо бўлади ва айнан шу туфайли унга «Андерлеҳт»да жавоб бериб юборишади.

Аммо у барчасини енгиб ўтди, ном қозонди ва мақсадига эришди. Исмоил уч мамлакат паспортига эга, шу туфайли у Белгия миллий жамоасида ҳам ўйнаши мумкин эди. Ўз вақтида Роберто Мартинес футболчини мамлакат бош жамоасига таклиф қилганди, аммо у бу таклифдан ҳайратдалигини яширмайди, аммо аллақачон ўз тарихий ватани – Марокаш фойдасига танлов қилиб бўлганини айтади.

«Миллий жамоани танлаганингизда, бу юракдан чиқиши керак. Бу қаерда кўпроқ имкониятингиз бўлиши ҳақидаги стратегик қарор бўлмаслиги керак», – дейди бу ҳақда Сайбари.

Иккинчи Руни 

Мартинес билан ўша мулоқот 2022 йилда бўлиб ўтган, бир йилдан кейин Сайбари «Атлас шерлари» билан U23 тоифасида Африка кубогида ғолиб чиққан. Жамоа ўшанда Париж олимпиадасига йўлланма олади ва якунда олимпиада бронза медалларини қўлга киритади, аммо Исмоилнинг коллекциясида бу бронза йўқ, чунки ўшанда ПСВ уни асраш учун турнирга жўнатмаганди.

Фото: Getty Images

Ва бу қарор якунда ўзини оқлади ва кейинги мавсум Исмоилнинг фаолиятида кўтарилиш палласига айланди. 2024/2025 йиллар мавсумини у ажойиб ўтказди ва Эредивизияда 29 ўйинда гол+пас тизимида 11+11 кўрсаткичини қайд этди. У Нидерландия чемпионатининг ўтган мавсумида натижасини янада яхшилади: 27 ўйинда гол+пас бўйича 15+8 кўрсаткичини қайд этиб, ПСВ қаторасига учинчи бор чемпионликни қўлга киритишида катта ҳисса қўшди ва турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Исмоилнинг ўзи изоҳлашича, сермаҳсуллигига психологиядаги ўзгариш таъсир кўрсатган: «Илгари мен хато зарба бермаслигим кераклиги ҳақида ўйлардим, энди эса мен гол ураман, дейман!»

Сайбари Чемпионлар лигасида ҳам ўзини кўрсатди: у «Ливерпул», «Ювентус», «Наполи» ва бўлажак жамоаси «Бавария» каби жамоалар дарвозасини ишғол этган.

«Чемпионат» колумнисти Дмитрий Бажанов уни инглиз футболи афсонаси Уэйн Рунига қиёслайди:

Сайбари ажойиб зарба кучи билан ажралиб туради. Унинг ажойиб зарбаси бор ва у исталган пайтда бу кучни ишлатишга тайёр. Шу маънода, Исмоилнинг ўйин услуби «Манчестер Юнайтед»нинг дастлабки мавсумларидаги – ҳали 8-рақам остида ўйнаган пайтларидаги Уэйн Рунини эслатади. Бу футболдаги ўзига хос тестостерон эди: Руни ҳужумда исталган позицияда туриб, дарвозага шундай зарба бера олардики, дарвозабоннинг ғамгин қиёфада тўпни тўрдан олиб чиқишдан бошқа иложи қолмасди.

Йиллар ўтиб Уэйн анча мулоҳазали ва универсал футболчига айланди, кўпроқ плеймейкер, баъзан эса ҳатто режист ролини ўйнашга ўтди. Вақт ўтиши билан Сайбарида ҳам шунга ўхшаш ўзгариш юз бериши мумкин. Аммо ҳозирча Исмоил дарвозабонни ҳар қандай позициядан ва ҳар қандай масофадан доғда қолдириш қобилияти билан айнан ёш Рунини эслатади. Улар тана тузилиши жиҳатидан ҳар хил (Руни пастроқ ва тўлароқ, Сайбари баланд бўйли ва салобатли), аммо моҳиятан ўхшаш.

«Бавария»даги истиқбол

Ўтган мавсум давомида ПСВ бош мураббийи Петер Босдан Сайбарининг келажаги ҳақида сўрашганида, у ўз шогирди жисмоний жиҳатдан АПЛ даражасига етилгани ва унда Англияда бу борада ҳеч қандай муаммо туғилмаслигини айтганди. Лекин футболчи ҳозирча Германия чемпионатига, «Бавария» сафига ўтди, немислар клуби уни ҳозирги бозор ўлчовларида анча камтарона бўлган 55 миллион еврога трансфер қилди ва у билан 2031 йилга қадар амал қиладиган шартнома тузди.

Эредивизияда порлаган ҳужумкор футболчиларнинг барчаси ҳам кучлироқ лигаларда ўша даражани сақлаб қола олмаган. Шу жиҳатдан, Сайбарининг «Бавария»да қандай ўйнаб кетишини кузатиш қизиқ. Бир томондан, у тинимсиз гол урадиган ҳужумкор ва лига гегемони бўлган жамоа сафида ўйнайди. Ўтган мавсумда Венсан Компани бошқарувидаги «Бавария» футболчилари Бундеслиганинг 34 турида нақ 122 гол уришган. Бу эса мутлақ рекорд ҳисобланади. XXI асрда топ-5 лигалардаги бирор жамоа миллий чемпионатда бу қадар кўп гол урмаган.

Бундай жамоада ўйнаганда, етарлича гол уриш кафолатланган бўлади. Бошқа томондан, «Бавария» ҳужум чизиғида кучли рақобат мавжуд. Марказий ҳужумда Ҳарри Кейн ўрнини ҳеч кимга бермайди. Қанотлардаги Луис Диас ва Майкл Олисе ҳам. Олисе атрофида Мадридга кетиши мумкинлиги ҳақида турлича миш-мишлар юрибди. Аммо «Бавария» француз футболчиси билан хайрлашмоқчи эмас. 

Шундай экан, Сайбари учун фақат ҳужумчи ортидаги позиция қолмоқда. Катта эҳтимол билан, унда асосий таркибга кириш учун айнан шу позицияда имкон бўлади. Бу позиция бўйича рақобатчи Жамол Мусиала охирги вақтларда кўп жароҳат олмоқда, у олдинги формасига қайта олмаяпти ва жаҳон чемпионатида ҳам ўзини кўрсата олмади.

Серж Гнабри ҳам бор, аммо унда ҳам сўнгги мавсумларда жароҳатлар кўпайиб кетди. Шунингдек, ўтган мавсумда клубнинг 18 ёшли тарбияланувчиси Леннарт Карл порлаганди. Аммо у қанчалик барқарор ўйнаши ҳозирча аниқ эмас. Қолаверса, Карл нафақат ҳужумчи ортида, балки ўнг қанотда ҳам ўйнай олади. Назарий жиҳатдан, Сайбари ва Карл бир вақтда майдонда бўлиши мумкин.

«Бавария» раҳбарияти харажатларга жиддий қарайди. 55 млн евро – барибир жиддий маблағ. Мюнхенликлар Сайбари учун шунча пул сарфладими, демак ундан қандай фойдаланишни билишади. Марокашликдаги универсализм мураббий учун ҳам қўл келади. У «ўнлик» сифатида тушиши ҳам, қанотларда ҳаракат қилиши ҳам мумкин. Ўрни келганда Кейннинг ҳам ўрнини эгаллай олади.

У қаерда ўйнашини мухлислар кейинги мавсумда кўришади. Ҳозирча эса Исмоил жаҳон чемпионатида ҳал қилувчи ўйин остонасида. Унинг ўзи учун ҳам ҳозир биринчи галдаги мақсад – Марокаш билан турнир мезбонлари Канадани мағлуб этиб, плей-оффдаги юришини давом эттириш ҳисобланади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид