Ўзбекистон | 22:00 / 07.02.2019
30831
7 дақиқада ўқилади

Транспорт вазирининг ваколатлари белгиланди

​Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида​»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирига Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, Вазирлик ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси тузилмасига зарур ҳолларда бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий ва таълим муассасалари юқори малакали мутахассисларини, шунингдек, халқаро ташкилотлар, хорижий компаниялар ва экспертларни консультантлар сифатида жалб этиш ҳамда малакали хорижий мутахассисларни ишга қабул қилиш ва уларга иш ҳақи миқдори ҳамда бошқа тўловларни чет эл валютасида белгилаш ҳуқуқи берилган.

Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланиши ва лавозимдан озод этилиши, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланиши ва лавозимдан озод этилиши белгиланган.

Вазирлик ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги директори, Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ҳамда Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири тақдимига кўра Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Вазирлик ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раисининг, Фуқаро авиацияси агентлиги директорининг, Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ҳамда Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси бошлиқларининг ўринбосарлари уларнинг раҳбарлари тақдимига кўра Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси транспорт вазири ва унинг ўринбосари – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари – вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари штат бирликларини шакллантириш Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги штат бирликлари, Вазирлик ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси, Фуқаро авиацияси агентлиги, Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси, шунингдек, Вазирликка ўтказилаётган илмий-тадқиқот институтлари, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг ваколатлари ва штат бирлигини оптималлаштириш ҳисобидан амалга оширилади.

Вазирлик ҳудудий бўлинмалари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 январдаги ПҚ–2722-сон «Давлат бошқаруви ҳудудий органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 1-бандида назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.

Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги давлат бошқаруви органларининг таъминоти харажатларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг Автомобиль транспортини ривожлантириш жамғармаси негизида, маблағларининг шакллантириш манбалари сақланган ҳолда, юридик шахс ташкил этмасдан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Шаҳар, шаҳардан ташқари, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда автомобиль транспортида юк ва йўловчилар ташишни амалга ошириш учун лицензия бериш ва уларнинг амал қилиш муддатини узайтиришдан тушадиган давлат божи маблағларининг 40 фоизи Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларини таъминлаш харажатларини молиялаштириш учун йўналтирилиши белгиланган.

Вазирлик Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини киритади:

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни, унинг маблағларини шакллантиришнинг қўшимча манбаларини белгилаган ҳолда тасдиқлаш;

Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан Вазирлик ва унинг идоравий ташкилотлари ходимларини меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 200 фоизгача бўлган миқдорда қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби.

Вазирлик Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда мазкур қарор талабларини инобатга олган ҳолда, Вазирлик ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги, Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ҳамда Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини, икки ой муддатда тартибга солиш функцияларини истисно қилиш, инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, рақобат муҳитини шакллантириш ва темир йўл транспортида юк ва йўловчилар ташишда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва бошқа тадбиркорлик субъектлари – Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун тенг шароитларни яратиш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифларни, икки ой муддатда транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида таълим, ходимларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш тизимини ва илмий-тадқиқот ишларини такомиллаштириш бўйича таклифларни, икки ой муддатда Вазирлик тизимига кирувчи тижорат тузилмаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини, уч ой муддатда хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва фойдаланиш тизимини такомиллаштириш бўйича, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг давлат ва тижорат функцияларини ажратишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритади.

Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари тугатилаётганлиги муносабати билан бўшаётган бино ва хоналарга Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари жойлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан Очилбой Жуманиёзович Раматов бош вазирнинг биринчи ўринбосари - Транспорт вазири лавозимига тайинланганди.

Мавзуга оид