Ўзбекистон | 10:21 / 08.02.2019
4506
2 дақиқада ўқилади

ОТБ Ўзбекистон мактаблари инфратузилмасини такомиллаштиришда иштирок этишни режалаштирмоқда

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Халқ таълими вазирлиги ва Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш учун ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олиш бўйича муҳокамалар бошладилар. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ОТБнинг ижтимоий сектор бўйича катта мутахассиси Шин Лонг бошчилигидаги делегациясини қабул қилди. Учрашувда Осиё тараққиёт банки вакиллари Ўзбекистон билан 2020-2022 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури бўйича иш олиб бораётганини алоҳида таъкидлади ва мазкур учрашув Халқ таълим вазирлиги билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини аниқлаб олишга қаратилганлиги айтилди.

Учрашув давомида ОТБ мутахассислари давлат таълим тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари билан танишди. ХТВнинг асосий вазифаси таълим сифатини оширишдан иборат.

Шунингдек, мактаблар инфратузилмасини, жумладан “Замонавий мактаб” дастури доирасида, такомиллаштириш, ўқувчиларнинг билими ва ўқитувчиларнинг малакасини баҳолаш тизимини жорий этиш ҳамда ўқув дастурларини ишлаб чиқишда Осиё тараққиёт банки ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Шу билан бирга халқ таълими тизимга ахборот технологияларини жорий этиш ҳамда STEAM (фан, технология, муҳандислик, санъат ва математика) фанларини ўқитишни такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув сўнгида ОТБ ва бошқа халқаро ҳамкорларнинг молиявий кўмагида амалга ошириладиган қўшма лойиҳаларни тайёрлаш ва муҳокама этиш келишиб олинди.

Мавзуга оид