Ўзбекистон | 17:27 / 18.11.2025
1010
2 дақиқада ўқилади

Президент Осиё тараққиёт банки раҳбари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди

Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Осиё тараққиёт банки президенти Масато Кандо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини амалга ошириш доирасида кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон банкнинг минтақадаги энг йирик ҳамкори бўлиб қолмоқда – қўшма лойиҳалар портфели 15 миллиард доллардан ошди. Шунингдек, “яшил” энергетика, транспорт, рақамли трансформация, таълим ва бошқа йўналишларда умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Суверен бўлмаган молиялаштириш механизмлари фаол жорий этилмоқда.

ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 2026 йил май ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган йиллик йиғилишига тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди.

Мирзиёев бўлажак тадбир доирасида ОТБ билан Кенгайтирилган стратегик шериклик дастурини имзолаш, унда инфратузилмани ривожлантириш, техник ва муҳандислик кадрларини тайёрлаш, хотин-қизлар ва ёшларни янги касбларга ўқитиш, камбағалликни қисқартириш, ипотека бозори ва хусусий секторни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш ташаббусини илгари сурди.

Банкнинг йирик миллий ва минтақавий ташаббусларни қўллаб-қувватлашда, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида транспорт, энергетика ва савдо лойиҳаларини илгари суришда фаол иштирок этиши муҳим экани таъкидланди.

ОТБ президенти Масато Кандо Янги Ўзбекистонда ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар дастурини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид