19:01 / 09.02.2019
7208

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида Жаҳон банки вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

Фото: Лойиҳа бошқарув миллий агентлиги

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида йиллик “Doing Business” ҳисоботида Ўзбекистон ўрнини янада яхшилаш бўйича “Йўл харитаси”ни муҳокама қилиш учун Жаҳон банки вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги бошқарма бошлиғи Баҳодир Бековнинг сўзларига кўра, ўзгаришларни барча манфаатдор томонлар – давлат хизматчиларидан тортиб то истеъмолчиларгача тўғри қўллашига эришиш зарур. Жаҳон банки сўровномалари мазмунини нотўғри талқин қилиш ва тушуниш ҳолатлари учраб туради ва бу ҳол рейтинг натижаларига таъсир қилмоқда. Шунинг учун амалга оширилаётган такомиллаштиришлар тўғрисида жамоатчиликни ўз вақтида ва аниқ хабардор қилиш давлат органлари фаолиятининг муҳим кўрсаткичларидан бири бўляпти.

Учрашувда Ўзбекистон ишбилармонлик муҳити ва шароитини яхшилаш, лицензиялаш жараёнини соддалаштириш, давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни фаол амалга ошираётгани таъкидланди. 

Жаҳон банки вакилларига Ўзбекистонда кредиторларни ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, уларнинг талабларини қондириш, ерни хусусийлаштириш институтини жорий этиш, хўжалик субъектларининг кўплаб текширувларини бекор қилиш, муддатсиз лицензияларни жорий қилиш, рухсат бериш тартибларини бекор қилиш ва соддалаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Жаҳон банки вакиллари амалга оширилаётган ислоҳотларнинг динамикаси ва миқёсини юқори баҳолаб, охирги фойдаланувчилар билан алоқа ўрнатишнинг муҳимлигини алоҳида таъкидладилар. 

Банк вакилларининг фикрига кўра, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тегишлича баҳоланиши керак ва “Doing Business” гуруҳи ҳисоботни тузиш учун маълумот йиғишни жорий йилнинг май ойига тугатиши сабабли, қолган давр мобайнида 2019 йил рейтингини яхшилаш чораларини кўриш керак.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқариш миллий агентлиги Жаҳон банки миссияси билан ишлашни давом эттирмоқда. Ҳар икки томон таъкидлаганидек, ўзаро муносабатларнинг асосий ғояси - муҳими рейтинглар эмас, балки иқтисодиётнинг реал ҳолати, бизнес юритиш тартиботларининг оддийлиги ва осонлигидир.

Маълумот учун: Ўтган йили амалга оширилган чора-тадбирлар ҳисоботнинг айрим кўрсаткичлари бўйича мамлакат рейтингининг яхшиланишида ўз аксини топди. Бироқ умуман олганда Ўзбекистоннинг рейтинги Жаҳон банки «Doing Business» гуруҳининг 2018 йил учун ҳисоботида ўтган йилга қараганда 2 пунктга пасайди ва 76-ўринга қўйилди. Шу билан бирга, илғор маррадан узоқлик бўйича мамлакатимиз кўрсаткичларини 1.08 фоизли пунктга яхшилади.

Top