Жаҳон | 21:38 / 11.02.2019
16077
2 дақиқада ўқилади

АҚШда йирик муваффақиятсизлик билан тугаган ҳарбий ишланмалар рейтинги эълон қилинди 

Фото: wikimedia

АҚШнинг The National Interest нашри йирик муваффақиятсизлик билан якунланган бешта ҳарбий ишланмадан иборат рўйхатни тузди. Пировард натижада, бу ишланмалардан бирортаси ўз тасдиғини топмаган.  

Бу қуролларни ишлаб чиқишдан кўрилган зарар 30 млрд долларга яқинни ташкил қилган.  

Антирейтингга ўзи нишонга олувчи снаярд Brilliant Anti-Tank Munition етакчилик қилмоқда. Ушбу суперснаряд совуқ уруш йилларида собиқ иттифоқ танкларига қарши ишлаб чиқилган. Снаряд исталган танкнинг зирҳини тешиб ўтиши кўзда тутилган. Бироқ натижада лойиҳа устида 2003 йилгача иш олиб борилиб, сўнгра бекор қилинган. Бу лойиҳа солиқ тўловчиларга 2,2 млрд долларга тушган.   

2-ўринни RAH-66 Comanche вертолёти эгаллаган. Бу совуқ уруши даврига мансуб яна бир ишланмадир. 1991 йилда вертолётни Boeing ва Sikorsky компаниялари қўшма жамоаси тақдим қилган. Унинг илк парвози 1996 йилда бўлиб ўтган. Лойиҳага 7,9 млрд доллар сарфланган, бироқ 2004 йилда харажатлар ўзини оқламагани сабаб ёпиб юборилган.

Рўйхатга, шунингдек, 155 ммли ўзиюрар гаубица Crusader ҳам киритилди. Бу лойиҳа 2002 йилда ёпилган. 

2003 йилда АҚШ “келажак танки”ни яратиш ғояси билан ёнган. Future Combat Systems (FCS) жанговар тизимини ишлаб чиқишга 18,1 млрд доллар сарфлаб бўлингач, танк қандай кўринишга эга бўлишини ҳаттоки лойиҳа муаллифлари ҳам билмасликлари аниқланган. Натижада у ҳам ўзини оқламаган лойиҳа сифатида ёпилган.

Қуруқликдаги жанговар транспорт сифатида лойиҳаланган Ground Combat Vehicles’га “бор-йўғи” бир миллиард доллар сарфланган. Лойиҳа 2014 йилда бекор қилинган.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда АҚШ ҳарбий бюджети 700 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилади.

Мавзуга оид