Жаҳон | 12:39 / 12.02.2019
9500
3 дақиқада ўқилади

АҚШ конгрессменлари чегара бўйича келишувга эришди. Бу шатдаундан қутулиш учун имкон

Фото: GETTY IMAGES

АҚШ Конгресси вакиллари 11 февраль куни кечгача давом этган музокаралардан сўнг янги шатдаундан қутулиб қолиш йўлини топишди. Бу ҳақда республикачилар партияси сенатори Ричард Шелби маълум қилган.

Сенаторнинг айтишича, республикачи ва демократлар чегарани мустаҳкамлаш дастурини молиялаштиришни 30 сентябргача кечиктириш борасида келишувга эришган. Гап асосан Мексика чегарасида қуриладиган «Трамп девори» ҳақида кетмоқда.

Конгрессменлар учрашувида айнан нимани муҳокама қилгани аниқ эмас ва тафсилотлар кейинроқ маълум қилиниши айтилган, бироқ катта эҳтимол билан рақобатчи партия вакиллари айнан Мексика чегарасидаги девор қурилишини молиялаштиришни кечроққа суришга келишишган. Бу орқали сиёсатчилар давлат ишчиларига хавф солаётган янги шатдаундан қочишга умид қилишган.

Бироқ келишувни ҳали Дональд Трамп ҳам тасдиқлаши керак бўлади. Президент яқинда тарафдорлари билан учрашувда Мексика билан чегарада қурилиши режалаштирган девор ҳақида сўз олиб, «Биз бу деворни албатта қурамиз» дея ишонч билан айтганди. Трамп сайловолди дастурида мамлакатга ноқонуний мигрантлар оқимини тўхтатишга алоҳида урғу берган ва мигрантларнинг асосий йўналиши ҳисобланган Мексика билан чегарада девор қурилмаса, ноқонуний муҳожирлар кириб келишини тўхтатиб бўлмаслигини айтганди. Сайловчиларга берган ваъдасини бажариши керак эканини таъкидлаётган Трамп кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлаётган бу деворни барибир қуришини кўп бора такрорлаган.

22 декабрь куни демократлар Мексика чегарасидаги деворни молиялаштиришни 2019 йилги давлат бюджетига киритишдан бош тортганликлари сабаб мамлакатда янги шатдаун эълон қилинди. Яъни, 9та вазирликнинг 800 минг ходими маошсиз қолишди. Улардан 380 минг нафари маош берилмайдиган таътилга чиқариб юборилган бўлса, қолганлар маошсиз ишлашга мажбур бўлишган. Агар конгрессменларнинг келишуви президент томонидан тасдиқланмаса, 16 февралдан АҚШда янги шатдаун бошланиши мумкин.

АҚШда давлат ходимларига маош беришни вақтинча тўхтатиш, яъни шатдаун биринчи марта рўй бераётгани йўқ. Бу сафар АҚШ тарихида 19-марта шатдаун эълон қилинган. 2018 йил декабрда бошланиб жорий йил январида якунланган ва 35 кун давом этган шатдаун АҚШ тарихидаги энг узун давом этгани бўлиб тарихда қолди.

Мавзуга оид