Ўзбекистон | 15:16 / 12.02.2019
10410
4 дақиқада ўқилади

Японияда яшовчи ўзбеклар тарғиботи натижасида биринчи сайёҳлар гуруҳи Ўзбекистонга ташриф буюрди

Хорижий мамлакатларда яшаётган ватандошлар Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиши натижасида биринчи хорижий сайёҳлар делегацияси – Япония вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюришди, уларни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Саидакбархон Акбаров кутиб олди. Қўмита матбуот хизмати Kun.uz’га шу ҳақида хабар берди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Президентнинг 2018 йил 25 октябрдаги «Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 3982-сонли қарори билан тасдиқланган «Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати консепцияси»да хорижий туристларни жалб қилиш, мамлакатнинг туристик салоҳияти, инфратузилмаси ва мамлакатда туризмнинг янги турларини ривожлантириш йўналишида хорижлик ватандошларни кенг жалб қилиш ва улар билан ҳамкорликни ривожлантириш вазифаси юклатилган.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Япония, АҚШ, Германия, Чехия, Буюк Британия, Нидерландия, Швейцария, Австрия, Полша, Латвия, Малайзия, Индонезия, Саудия Арабистони ва бошқа бир қатор хорижий мамлакатларда истиқомат қилувчи ватандошлар билан алоқа ўрнатилиб, улар билан мулоқот йўлга қўйилди. Шунингдек, Қўмита томонидан хориждаги ватандошларга Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилувчи материаллар етказиб берилмоқда. Жумладан, Чехия, Полша, Япония ва Германия каби давлатларга дастлабки тарғибот материаллари етказилиб, бугунги кунда ватандошлар томонидан тарғибот ишлари кенг олиб борилмоқда.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Япониядаги ўзбеклар биринчилардан бўлиб тарғибот ишларига кўмаклашиш ташаббуси билан чиқиб, кўплаб шаҳарларда кенг кўламли тарғибот ишларини йўлга қўйишди. Олиб борилган бу ишларнинг натижаси сифатида 11 февраль куни биринчи сайёҳлар гуруҳи Ўзбекистонга ташриф буюрди. Гуруҳ аъзолари Кусаба, Сеино, Ягиура, Миёши, Коике, Ясука, Ҳашимото ва Ягиураларни Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Саидакбархон Акбаров бошчилигидаги Қўмита ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан тантанали кутиб олинди. Кутиб олиш маросимида Саидакбархон Акбаров меҳмонларга Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида маълумот берувчи тарқатма материаллар ва эсдалик совғалари тақдим этди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

«Ўзбекистонга келишимиздан мақсад ўзбек маданияти билан яқиндан танишишдир. Саёҳатимиз 10 кундан иборат бўлиб, шу 10 кун давомида Наманган, Андижон, Фарғона, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳарларига ташриф буюришни режалаштирилганмиз. Нимага айнан Ўзбекистонни танлаганимизга тўхталадиган бўлсак, Япониянинг Хирошима шаҳрида яшаётган ўзбекистонлик Бобуржон исмли йигитдан юртингиз ҳақида жуда кўп маълумот олдик, у бу ерда сайёҳлар учун яратилаётган шароитлар ҳақида ва мавжуд маданий мерос объектларига оид тарқатма материаллар билан улашиб, тақдимотлар ўтказди, бизда Ўзбекистонга нисбатан жуда катта қизиқиш уйғотди. Шу сабабдан биз бугун шу ерда, сизлар биланмиз», - дейди ташриф буюрган сайёҳлар гуруҳи раҳбари Ясука.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Бундан ташқари, япониялик меҳмонлар уларни аэропортда бу қадар тантанали кутиб олишганидан ҳайратда эканликларини ва бу, шубҳасиз, Ўзбекистонда туризмга қаратилаётган эътибор натижаси эканини таъкидлашди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид