Спорт | 16:35 / 13.02.2019
15476
3 дақиқада ўқилади

Искандар Шодиев Ўзбекистон хоккей федерацияси раисининг ўринбосари этиб сайланди

Бугун, 13 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон хоккей федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов, Ўзбекистон хоккей федерацияси раҳбарияти ва мутасаддилари, ҳакамлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди, деб хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.

Кун тартибидан ўрин олган энг асосий масала федерация раисига ўринбосар сайлашдан иборат эди. Шу муносабат билан мазкур лавозимга «Бинокор» хоккей клуби менежери Искандар Қосимович Шодиев номзоди илгари сурилди. Конференция иштирокчилари бир овоздан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашларини маълум қилдилар. Шу тариқа, Искандар Шодиев Ўзбекистон хоккей федерацияси раисининг ўринбосари лавозимига сайланди.

«Менга ана шундай имконият берилганидан хурсандман. Ўзбекистонда хоккей аста-секинлик билан ривожлантирилмоқда. Бу йилдан миллий чемпионат ҳам ташкил этилди. Пойтахтимизда катта муз аренаси бунёд этилмоқда. Мақсадимиз – хоккейни Республика бўйлаб ривожлантиришдир. Биргаликда ишлаб келажакда муваффақиятларга эришамиз ва вақти келиб КХЛда ҳам ўз жамоамиз бўлади», – деди Искандар Шодиев.

МОҚ раҳбари Умид Аҳмаджонов ҳам келажакда хоккей юртимизда ривожланиши ҳақида гапириб ўтди.

«Март ойида юртимизда «Ҳумо» муз саройи фойдаланишга топширилади. Келажакда бундай муз ареналари вилоятларда ҳам кўпайишига умид қиламиз ва хоккейни бутун мамлакатимиз бўйлаб ривожлантирамиз», – деди Умид Аҳмаджонов.

Шу тариқа, Ўзбекистон хоккей федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.

Маълумот учун, Ўзбекистон хоккей федерацияси 2018 йил 28 мартда Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган, 30 март куни чақирилган таъсис конференциясида федерация раиси лавозимига Бахтиёр Шуҳратович Фозилов сайланган эди. Ташкилот бош котиби сифатида ўзбекистонлик илк профессионал хоккейчи Шукрулло Каримов фаолият олиб бормоқда. Федерация ҳозирча Халқаро хоккей федерацияси (IIHF) аъзоси эмас.

Ўтган ҳафта, 8 февраль куни хоккей бўйича биринчи Ўзбекистон чемпионатига старт берилди. Турнир Тошкентдаги «Ice City» муз аренасида «Бинокор», «Тошкент», «Ҳумо», «Семурғ» клублари иштирокида бўлиб ўтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойи бошидан буён Ўзбекистон бокс, теннис ва от спорти федерациялари раҳбариятида ўзгаришлар бўлди. Тадбиркорлар Сакен Пулатов ва Феруз Абдуллаев мос равишда бокс ва от спорти федерациялари раислигига сайланган бўлса, Ирода Тўлаганова теннис федерацияси бош котиби лавозимини эгаллади.

Мавзуга оид