Жаҳон | 16:18 / 13.02.2019
18644
2 дақиқада ўқилади

El Chapo максимал қатъий тартибдаги турмага жўнатилиши режалаштирилмоқда 

Фото: AP Photo / U.S. law enforcement

“Пакана” лақабли мексикалик наркобарон Хоакин Гусман Лоэра АҚШдаги судда барча айблов бандлари бўйича айбдор деб топилди. Лоэра ҳали ҳеч бир маҳбус қоча олмаган максимал қатъий тартибдаги турмага ўтказилиши мумкин, деб хабар берди New York Post нашри.

Нашр маълумотларига кўра, Лоэра аввал Мексикадаги турмалардан икки марта қочишга муваффақ бўлган. Энди у Колорадо штатидаги ADX Florence турмасига жўнатилиши мумкин. Ушбу турма норасман “тоғдаги Алькатрас” деб номланади. “Рейтер” ахборот агентлигининг маълум қилишича, ушбу турма очилган 1994 йилдан бери ундан ҳали ҳеч ким қоча олмаган. Унда энг хавфли жиноятчилар сақланади.

Лоэра АҚШ ҳукуматига собиқ президент Барак Обама маъмуриятининг охирги иш куни, 2017 йил январда топширилган. Наркобарон Нью-Йоркка самолётда етказилган. Унга қуролга ноқонуний эгалик қилиш, қотилликларни ташкиллаштириш, АҚШга кокаин етказиб бериш каби айбловлар қўйилган.

12 февралда Нью-Йоркдаги судда ҳукм чиқарувчилар ҳайъати Лоэрани барча айблов бандлари бўйича айбдор деб топди. Якуний ҳукм 25 июнда чиқарилиши кутилмоқда. “Синалоа” картели етакчисига умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Мавзуга оид