«Дул-дул» маҳалласидаги муаммолар ҳал этилмоқда. Навбаҳор тумани ҳокимлиги тегишли ишларни амалга оширди
Kun.uz сайтида 2019 йил 7 февраль куни «Кесиб кетилган газ қувури, лой кўчалар ва таъмирталаб мактаб. Навбаҳор туманидаги «Дул-дул» маҳалласи муаммолари» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.
Маълум бўлишича, айни вақтда туман ҳокимлиги томонидан ушбу маҳалладаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Таҳририятга Навбаҳор тумани ҳокимлиги томонидан шу мазмундаги маълумот тақдим этилди.
Маълумотда таъкидланишича, маҳалла ҳудуди табиий газ етиб бориши қийин бўлган маҳаллалар рўйхатига киритилгани сабабли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 апрелдаги 47-сонли йиғилиш баёни ва туман ҳокимининг тегишли қарорларига асосан ушбу ҳудуддаги аҳоли хонадонлари табиий газ тармоғидан узилган. Ушбу маҳаллада яшовчи аҳоли туман газ таъминоти участкасидан ўрнатилган тартибда ижара шартномаси асосида маиший газ баллонлари орқали суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминланиб келинмоқда. Табиий газ тармоғидан узилган аҳоли эҳтиёжи учун ажратилган арзон кўмир ва кўмир брикети ўрнатилган тартибда тўлови амалга оширилган ҳолда ажратилади.
Маҳалладаги хонадонлар табиий газ тармоғидан узилгандан кейин Навбаҳор тумани ҳокимининг 2015 йил 5 августдаги Қ-501-сонли ва 2017 йил 26 августдаги Қ-1069-сонли қарорларига асосан газ тақсимлаш қурилмалари ва газ қувурлари демонтаж қилиниб, мақсадли фойдаланиш мақсадида «Бешработ» ва «Янги йўл» маҳаллаларидаги намунавий арзон уй-жойларни газлаштиришда фойдаланилган.
Автомобиль йўллари бўйича ушбу маҳалладаги таъмирталаб бўлган
250 метр узунликдаги ички хўжаликлараро йўллар ҳомийлик маблағлари ҳисобидан шағал қопламага ўтказилган. Туман «Йўллардан фойдаланиш» УК балансида бўлган маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларини дастур асосида жорий таъмирлашга таклифлар берилган.
Бундан ташқари, маҳалладаги 1985 йилда мактабгача таълим муассасасига мўлжаллаб қурилган ва 1996 йилда умумтаълим мактаби учун мослаштирилган 24-умумий ўрта таълим мактаби биносини 2019 йилда жорий таъмирлаш мақсадида 100 миллион сўм миқдоридаги маблағни ажратиш юзасидан туман молия бўлими томонидан дастурга киритилган.
Сув таъминоти бўйича маҳалла аҳолисига ҳозирги кунда махсус техникалар орқали тоза ичимлик суви узлуксиз етказиб берилмоқда. Ушбу маҳалла аҳолисини тизимли равишда узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 20 километр асосий тармоқ ва 10 километр ички тармоқ қувурлари тортиш ҳамда сув йиғиш ва тарқатиш иншооти қурилиши учун 2020 йил дастурига киритиш таклифлари тайёрланмоқда.
Ушбу маҳалла аҳолисини узлуксиз электр энергияси билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида 2019 йил дастури асосида 1,2 километрлик 0,4 кВ.ли ва 0,1 километрлик 10 кВ.ли ҳаво электр узатиш тармоғи ҳамда 1 дона трансформатор пункти қуриш режалаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июлдаги «Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳамда Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолияти бўйича рухсатнома бериш тартиби тўғрисида низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги 595-сонли қарорига асосан, бугунги кунда маҳалладаги Мария Норова ва Норжон Норова томонидан оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасини очиш юзасидан давлат рўйхатидан ўтказилиб, битим тузиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Ушбу маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли бандлигини таъминлаш чораларини кўриш ва аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ҳамда иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида паррандачилик, балиқчилик, чорвачилик, асаларичилик, тикувчилик йўналишларида имтиёзли кредит маблағлари ажратиш ва ундан самарали фойдаланилишини назорат қилиш юзасидан тегишли масъулларга топшириқ ва кўрсатмалар берилган.
Туман ҳокимлиги тақдим этган маълумот юзасидан маҳалла аҳолиси билан такрор учрашдик. Улар билан маҳаллада олиб борилаётган ишлар юзасидан суҳбатлашдик. Маҳалла аҳолиси ҳудудда амалга оширилаётган ишлардан хурсандлигини айтиб ўтишди.
Айни вақтда абгор ҳолатдаги ички йўлларга шағал тўкилиб, текисланган. Маҳалла аҳолисини қийнаб келаётган ариқдаги сув қувурлари алмаштирилган.
Ушбу ишлар бошида турган туман мутасаддилари маҳаллада бу каби ишлар давом этишини билдиришди.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
10:20 / 30.10.2024
Зангиотада газдан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди
15:54 / 29.10.2024
Тошкент туманидаги қарийб 43 минг хонадонда номаълум муддатга газ ўчирилади
16:23 / 28.10.2024