Жамият | 08:55
1052
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Қодирий кўчасида ҳайдовчилар учун янги қайрилиш жойи ташкил этилди

Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий кўчасида ҳаракатни ташкил этиш схемаси такомиллаштирилиб, ҳайдовчилар учун янги қайрилиш жойи ташкил этилди. Натижада мазкур йўналишда ортиқча босиб ўтиладиган масофа қарийб 75 фоизга қисқарди.

Фото: Йўл ҳаракатини ташкил этиш ва мониторинг маркази

Йўл ҳаракатини ташкил этиш ва мониторинг маркази маълум қилишича, аввал Экопарк томонидан ҳаракатланиб келган ва Мовароуннаҳр ҳамда Маҳатма Ганди кўчалари томон йўналиш олмоқчи бўлган ҳайдовчилар рухсат этилган жойда қайрилиш учун 2 километрдан ортиқ масофани босиб ўтишга мажбур эди.

Эндиликда эса қайрилиб олиш имконияти бевосита Абдулла Қодирий кўчасининг ўзида ташкил этилди. Бунинг натижасида ҳайдовчилар учун тахминан 500 метр масофани босиб ўтишнинг ўзи етарли бўлмоқда.

Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, қайрилиб олиш учун зарур бўлган ҳаракат йўли қарийб тўрт бараварга қисқарган. Шу билан бирга, аввал ушбу манёврни амалга ошириш учун 6–8 дақиқа вақт сарфланган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич ўртача 1,5–2 дақиқани ташкил этмоқда.

Бу эса ҳар бир ҳайдовчи учун биргина қайрилиш жараёнида ўртача 4–6 дақиқа вақт тежалишини англатади.

Масъуллар таъкидлашича, мазкур йўналишдан ҳар куни минглаб транспорт воситалари фойдаланишини ҳисобга олганда, ўзгариш нафақат ҳайдовчилар учун қулайлик яратади, балки қўшни кўчалардаги ортиқча транспорт оқимини ҳам камайтиришга хизмат қилади.

ЙҲТЭМ Тошкент шаҳрида ҳаракатни ташкил этиш тизимини босқичма-босқич такомиллаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва транспорт оқимининг самарадорлигини ошириш бўйича ишларни давом эттираётганини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид